Ҳар йили мамлакатимизда Халқаро хотин-қизлар куни катта тантана сифатида нишонланади. Ана шу сана муносабати билан, жумладан, жорий йилда пойтахтимизда бўлиб ўтган тадбирда юртимиз аёлларига йўлланган байрам табригини ўзгача ҳаяжон билан тингладик. Унда билдирилган фикр ҳамда тилакларнинг ҳар бири алоҳида қимматга эга. Айниқса, “...ҳар қайси миллат ва халқнинг маънавий камолотини гўёки ойнадек акс эттирадиган шундай бир мезон борки, у ҳам бўлса, жамиятнинг хотин-қизларга бўлган муносабати, ҳурмати билан белгиланади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, аёлларни улуғлаб, ардоқлаб, бошига кўтариб яшайдиган халқ ўзининг юксак маданияти ва олижаноб қадриятларини амалда намоён қиладиган халқ сифатида жаҳонда обрў-эътибор қозонади”, деган сўзлар қалбимизга ўзгача ифтихор -бағишлади. Чунки юртимизда хотин-қизларга шунчалар катта эътибор ҳамда ғамхўрлик кўрсатилмоқдаки, буни бугун дунё ҳамжамияти ҳам алоҳида эътироф этаяпти.
Мавжуд шароитлар туфайли мен ҳам бир неча йилдан бери тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келмоқдаман. “Ўзсаноатқурилишбанк” кўмагида истиқболли лойиҳаларимни муваффақиятли амалга ошираяпман.
Ҳақиқатан ҳам, мазкур молия муассасасининг тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари диққатга сазовор. Масалан, яқинда банкнинг Бухоро вилояти минтақавий филиали томонидан бизга замонавий ишлаб чиқариш ускуналари ва хом ашё сотиб олиш учун имтиёзли фоиз ставкаларида 250 миллион сўм миқдорида кредит маблағи ажратилди. Кўп ўтмай, лойиҳада кўзда тутилган технологияларни олиб келиб ўрнатдик. Ҳозир ойига 50 тонна ундан нон маҳсулотлари ишлаб чиқармоқдамиз.
Биз мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсатга ўз ҳиссасини қўшаётган “Ўзсаноатқурилишбанк” фаолиятидан беҳад миннатдормиз. Келгусида мазкур молия муассасаси билан ҳамкорликни изчил давом эттириш ниятидамиз.
Сайёра АТАЕВА,
«Ободлик кафтидаги дон»
оилавий корхонаси раҳбари.
Бухоро вилояти