Яқинда яна ўнлаб кўркам ва шинам уйлар ўз эгаларига топширилди. Масалан, Жарқўрғон туманидаги Қораянтоқ массивида бунёд этилган намунавий лойиҳа асосидаги 105 та тураржойни кўрган кишининг ҳаваси келиши аниқ. Бу ерда барча шарт-шароит яратилган. Хусусан, кўчаларга асфальт ётқизилган, коммуникация тармоқлари мавжуд. Болажонлар учун эса ўйин майдонлари ташкил қилинган. Айни чоғда бу ерда ҳам байрам тантаналари давом этаётир.
— Намунавий лойиҳалар асосидаги уйларга бўлган талаб йил сайин ошмоқда, — дейди “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси Сурхондарё филиали хўжалик шартномалари ва молиялаштириш бўлими бошлиғи Шодмон Хуррамов. — Бу, аввало, иморатнинг миллий менталитет ва ҳар бир ҳудуд табиий-иқлим шароитига мос равишда қад ростлаётгани, унинг эгасига қатор енгилликлар берилаётгани билан боғлиқ. Айтайлик, қарздорнинг солиққа тортиладиган иш ҳақи ва бошқа даромадидан имтиёзли кредит ҳамда унинг фоизини тўлашга йўналтирилган қисми даромад солиғидан озод қилинади.
Жорий йилда бундай енгилликлар сони яна биттага кўпайди. Яъни 2015 йилнинг 7 январида қабул қилинган “2015 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши дастури ва 2016 йилги қурилишнинг асосий параметрлари тўғрисида”ги қарорга биноан, ипотека кредитлари 15 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан, дастлабки 5 йилда етти фоиз, қолган йилларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкаси миқдорида устама ҳақи тўлаш шарти билан ажратиладиган бўлди.
— Қишлоғимизда янги йил арафасида 130 та оила учун мўлжалланган уй-жой қурилган эди, — дейди Денов туманидаги “Пастқизилжар” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Абдуғани Тангиров. — Яқинда бу массивда 281 километр узунликда ичимлик суви қувури тортилди, қудуқ қазилиб, минора ўрнатилди. Шунингдек, табиий газ, электр энергияси тармоқлари ҳамда ички йўллар қурилиши якунланди. Натижада кўплаб оилалар Наврўзни барча қулайликка эга янги уйларда кутиб олмоқда. Табиийки, бундан улар беҳад мамнун.
— Илгари кўп қаватли уйда оиламиз билан тиқилиб яшардик, — дейди фуқаро Шаҳодат Шаропова. — Мана, энди кенг ҳовли, шаҳардагидан асло қолишмайдиган шарт-шароитга эгамиз. Тўрт хонали замонавий хонадон бизга Наврўз туҳфаси бўлди. Шу хайрли иш бошида турган инсонлардан бир умр миннатдормиз.
Нормурод ТЕМИРОВ,
Шомурот ШАРАПОВ (сурат),
«Халқ сўзи» мухбирлари.