Илариа РОТТЕР (Италия):
— Баҳорда саёҳатга чиқишни хуш кўраман. Чунки уйғониш ва янгиланиш фаслида инсон табиат гўзаллигидан янада кўпроқ баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади. Ўзбекистон худди баҳор каби тароватли, гўзал ҳамда мафтункор юрт экан. Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари, айниқса, бетакрор. Пойтахтингиз — Тошкент шаҳри жудаям кўркам, озода ҳамда салобатли. Муҳташам иморатлар, обод кўча ва хиёбонлар киши эътиборини тортади. Халқингизнинг бунёдкорлиги, яратувчанлиги, бағрикенглиги ҳамда меҳмондўстлиги мени лол қолдирди. Кўкламда бу ерга келганимизнинг яна бир яхши томони шу бўлдики, сизлар билан бирга миллий байрамингиз — Наврўзни кутиб оламиз. Шаҳару қишлоқлар, далаю боғларни айланиб, “Наврўз, чиндан ҳам, яшариш ва янгиланиш -байрами экан”, деган хулосага келдим. Ўтказилаётган халқ сайиллари, баҳорий таомларни бир-бирига улашаётган одамлар — буларнинг барчаси ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳр-оқибат ифодасидир.
Албатта, тарих билан юзма-юз келиш ҳар бир кишини ҳайратлантиради. Қадимий Хивадаги бири-бирини такрорламайдиган, кўзни қамаштирадиган нақшинкор пештоқли тарихий ёдгорликлар шу юртнинг буюк ўтмишини, аждодларингизнинг юксак салоҳиятини кўз-кўз этиб тургани билан қалбимда ҳавас уйғотди. Бу ерда қадимий урф-одатлар, анъаналар ниҳоятда улуғланар экан. Халқингиздаги шу хусусиятни энг эзгу фазилатлардан бири сифатида қабул қилдим. Айни чоғда ота-боболар меросига ҳурмат билан қараш, уларни асраб-авайлаш борасидаги ишлар ҳам диққатга сазовор.
Мамлакатингиз тарихини ўрганиб, меҳмондўст, дилкаш одамлар билан суҳбатлашарканман, бу ерда эришилаётган ютуқлар, энг олис қишлоқлардаги замонавий ҳаёт сабабини англагандай бўлдим.
Юртингизга келиш истагидаги сайёҳлар ва меҳмонлар сони кун сайин ортиб бораётгани бежиз эмас экан. Шахсан ўзим бу заминга яна келишни кўнглимга тугиб қўйдим.
Ривиера АЛИНЕ (Франция):
— Замонавий шаҳарларингиз қаторида кўркам ва обод Урганч, кўҳна ҳамда навқирон Хивада ўтказган такрорланмас онларим бир умр ёдимда қолади. Ичан-Қалъадаги ҳар бир қадимий иншоот халқингизнинг узоқ тарихи ва буюк маданиятини кўрсатиб турибди. Уларда асрлар ҳикмати, бугуннинг илиқ тафти бор. Ушбу обидаларни бунёд этиб, бугунгача асраб-авайлаб келаётган халқ улуғдир.
Кўплаб давлатларда бўлиб, у ердаги одамлар билан суҳбатлашганман. Лекин ҳеч қаерда бу ердагичалик самимиятни кўрмаганман. Бу юрт таровати ва одамларининг меҳри менда катта таассурот қолдирди. Халқингиз меҳмон ҳурматини жойига қўйиши, эзгу ишларга интилиши, содда, самимий, меҳнаткашлиги билан ажралиб тураркан. Яна шунга ҳам амин бўлдимки, бу ердагиларнинг табиатида бунёдкорлик кайфияти устувор. Ўзбекистон билан яқиндан танишиб, табиатидан, ноз-неъматларидан баҳра олдим, саёҳатимдан роҳатландим.
Тинчлик-осудалик ҳукм сурган бундай заминдан файзу барака аримайди. Ўзбекистон халқига муваффақият доимо ёр бўлишини тилайман.
Мигуел РОДРИГУЕЗ (Испания):
— Саёҳатим давомида Ўзбекистон, унинг бой маданий, илм-фан мероси ҳақида кўп нарса билиб олдим. Ҳозирги дунё фанларининг теран илдизлари шу ўлка билан боғлиқ. Кўҳна Хоразм воҳаси, унинг ноёб санъати ва маданияти ҳақида ҳам тасаввурим бойиди. Бугунги авлод буюк аждодлари хотирасига чексиз ҳурмат-эҳтиромда эканлиги диққатга сазовор. Бу ерда турли миллат вакиллари ҳамжиҳатликда, аҳилликда яшаяпти. Бугун дунёда нималар бўлаётганлигини кўриб, билиб турибмиз. Кимдир бошпанасиз, кимдир бир бурда нонга зор. Кимгадир тинчгина ётиб, оппоқ тонгни қарши олиш армон. Шундай шиддаткор замонда ўз олдига улкан мақсадларни қўйиб эзгу амаллар билан яшаётган халқнинг келажаги, албатта, буюк бўлади. Айниқса, ғайратли, илмга чанқоқ ёшларнинг ёниб турган кўзларига боқиб, бунга яна бир бор амин бўлдим. Ўз юртимга боргач, таассуротларимни яқинларимга сўзлаб бераман. Уларнинг дилида ҳам Ўзбекистонни кўриш истаги уйғонишига шубҳа қилмайман.
Гианна ПАРМЕСАН (Австралия):
— Ҳар қадамда тарихни, улуғ, бетакрор обидаларни кўриб, гўзал юртингиз ҳақида бой таассуротга эга бўлдик. Халқингиз юксак салоҳиятга эга эканига ишончимиз ортди. Бири замонавий, яна бири қадимий бўлган Урганч ва Хива шаҳарлари, айниқса, ёқди. Бағрикенг, меҳмондўст ва саховатли бу заминда меҳмон бўлганимдан бахтиёрман.
Яқинда бу ерда қадимий Наврўз байрами нишонланаркан. Буни эшитиб, қувондик. Унда иштирок этишни орзу қиламиз. Юртингиз кўчалари обод, файзли. Кишиларнинг юз-кўзида ҳаётдан мамнунлик, хотиржамлик балқиб турибди. Зеро, эртанги кунига ишончи баланд -инсонлар саодатмандир. Буларнинг барчаси тараққиётдан, фаровонликдан, ёрқин келажакдан далолат беради.
Ойбек РАҲИМОВ ёзиб олди.