Шу муносабат билан жойларда ўтказилаётган тантанали тадбирларда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, ота-оналар мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини ошириш йўлида олиб борилган ислоҳотлар туфайли сарҳадларимиз дахлсизлиги, аҳолимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз вужудга келгани, Қуролли Кучларимиз сафида ўз бурчини ўтаб қайтганларга кенг имкониятлар, имтиёзлар яратилгани, ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори юксак даражага кўтарилганини алоҳида эътироф этишди.
Навоий вилоятида ҳам резервга бўшатилганлар байрамона руҳда кутиб олинмоқда.
— Армияга “Ҳаёт мактаби”, дея таъриф берилади. Муддатли ҳарбий хизмат даврида ҳам маънан, ҳам жисмонан чиниқиб, билимларимни янада бойитиб, ушбу таъриф бежиз айтилмаганига тўла ишонч ҳосил қилдим, — дейди резервга бўшатилган Аброр Раззоқов. — Болалигимдан ҳарбий касб эгаси бўлишни орзу қиламан. Қуролли Кучларимиз сафида ўз бурчимни ўтаб, шу мақсадимга эришиш йўлида дастлабки муҳим қадамни қўйдим, деб ўйлайман. Олий ҳарбий таълим муассасаларидан бирида ўқиб, Ватанимиз тинчлигини асраб-авайлашга ҳамда унинг равнақига ўз ҳиссамни қўшаман.
Юртимиз ёшларининг ҳар биридан мана шундай эзгу ниятларни эшитиш мумкин. Бу, албатта, қалбимизда алоҳида ғурур ва ифтихор ҳиссини уйғотади.
Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.