Қуйи палатанинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда “Хусусий мулк ҳуқуқлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси нормаларини кўриб чиқишга бағишланган тадбир ўтказилди. Хусусий мулк кафолатларини янада мустаҳкамлаш назарда тутилаётган ушбу ҳуқуқий ҳужжат қуйи палата муҳокамасига тайёрланмоқда.
Маълумки, мамлакатимизда замонавий бозор муносабатларини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларда хусусий мулк институтига алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти.
Тадбирда Марказ тингловчилари, ҳуқуқшунос-олимлар, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳаси мутахассислари қатнашди. Хусусан, унда иштирок этган юристлар бу хусусий мулк жабҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш учун кенг имконият яратишини қайд этган бўлса, амалиётчи олимлар томонидан ҳуқуқни қўллаш тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.
Қонун лойиҳасида Фуқаролик, Жиноят, Солиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар, “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиши кўзда тутилаётир. Мазкур тузатишлар мол-мулкни тортиб олиб қўйганлик учун жавобгарликни кучайтириш, мулкдорнинг олиб қўйилган хусусий мулк объекти, дов-дарахтлар, бузилаётган бинолар ва иншоотлар, шунингдек, ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқнинг бошқа барча зарарларнинг ўрни тўла ҳажмда қопланганидан кейин компенсацияси тартибини такомиллаштиришга қаратилгандир.
Қолаверса, қонун лойиҳасида Солиқ кодексини хусусий мулкдорларнинг судга давлат божидан озод этилган ҳолда мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлайдиган норма билан тўлдириш таклиф этилаяпти.
Тадбир давомида олимлар, юқори малакали мутахассислар, экспертлар томонидан айтиб ўтилган таклифлар ва мулоҳазалар инобатга олинди. Улар қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда муҳокама қилинади.
Қонун лойиҳасининг кенг таҳлилдан ўтказилиши келгусида унинг амалиётдаги ҳаётий аҳамияти ҳамда самарадорлигида ўзининг ижобий ифодасини топиши шубҳасиз.
С. МАХСУМОВ.