Юртга муносиб фарзанд бўлиш бахти
  • 20 Февраль 2015

Юртга муносиб фарзанд бўлиш бахти

Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига асосан, ёшларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари давом этмоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси йиғин пунктида ташкил этилган ана шундай тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва чақирилувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.
Маросим бошланиши аввалида йиғилганларнинг айримлари билан суҳбатлашиш имконига эга бўлдик. Уларнинг ҳар бири тинчлик-осойишталик ҳукм сураётган юртимизда бахтли ва фаровон ҳаёт кечираётгани, эзгу орзуларининг рўёбини кўраётганидан тўлқинланиб сўзлайди. Айниқса, фарзандининг муносиб шарт-шароитларда таълим-тарбия олиб, комил инсон сифатида вояга етаётганидан, шу азиз Ватанга муносиб бўлишга интилаётганидан чексиз фахрланишини, буларнинг барчаси истиқлол шарофати, мамлакатимизда инсон омилига қаратилаётган юксак эътиборнинг амалий ифодаси эканини таъкидлайди.
Ўтган йиллар мобайнида мустақил тараққиёт йўлимиз асосида осмонимиз мусаффолигини сақлаш, иқтисодиётимизни ривожлантириш ва халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш борасида эришилган улкан муваффақиятларда, айтиш жоизки, Қуролли Кучларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Чунки миллий армиямиз юртимиз тинчлиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолатидир.
...Муддатли ҳарбий хизматга отланаётган йигитлар саф тортишди. Кузатиш маросими бошланди.
Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон Қуролли Кучлари тарихан қисқа даврда мураккаб шаклланиш йўлини босиб ўтди ва бугунги кунда сон жиҳатдан ихчам, ҳаракатчан, замонавий талабларга жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этмоқда. Қуролли Кучларимизни изчил ислоҳ қилиш асносида уни бошқаришнинг мутлақо янги тизими яратилди, армиямиз сафини тўлдириш такомиллаштирилди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2008 йил 20 ноябрдаги “Фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ шарт-шароитларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони чақирув сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йилига бир марта, февраль — март ойларида чақириш йўлга қўйилди.
Чақирув комиссияларининг ишида ошкоралик ва самарали жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида улар таркибига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вакиллари жалб қилинди.
Фахрлансак арзийдиган жиҳати, бугунги кунда мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, мамлакатимиздаги лицей ва коллежларда энг замонавий таълим-тарбия олган йигитлар армия сафларига кириб келмоқда. Улар замонавий ахборот, компьютер технологияларини, хорижий тилларни пухта эгаллаган ва энг асосийси — ҳаёт ҳақида ўзининг мустақил фикри ва қарашига, ахлоқий-маънавий қадриятларига эга бўлган ёшлардир.
— Бундан бир неча йил олдин айни шу йиғин пунктидан катта ўғлим Козимжонни муддатли ҳарбий хизматга кузатгандик, — дейди Сергели туманилик Раъно Арслонбекова. — Бугун эса акасига астойдил ҳавас қилган Дониёржоним армияга жўнаб кетаяпти. Армияни “Ҳаёт мактаби” дейишади. Чиндан ҳам, аскарлик даврида ёшларнинг дунёқараши янада кенгаяди, жисмонан чиниқиб, интеллектуал салоҳияти ошади, энг муҳими, қалбида юртга бўлган муҳаббати мустаҳкамланади. Насиб қилса, яна бир неча йилдан кейин, мана, кенжам Авазбек ҳам муддатли ҳарбий хизматга бормоқчи. Шу боис ҳозирданоқ тайёргарликни бошлаган. Биз, ота-оналарнинг ниятимиз бир — фарзандларимиз Ватанга муносиб бўлсин, унинг тинчлиги, равнақига ўз ҳиссасини қўшсин.
Тантанали кузатиш маросимида чақирилувчиларга эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар ижросида мароқли концерт дастури намойиш этилди.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn