«Нима қилдик Ватан учун?»
  • 20 Февраль 2015

«Нима қилдик Ватан учун?»

Фарғонада ана шу шиор остида ижодий учрашув бўлиб ўтди. Ватан тақдири ва келажаги учун ўзини масъул деб ҳисоблайдиган, юрт равнақига ҳисса қўшишга қодир авлодни вояга етказиш юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг энг устувор йўналишларидан биридир.

Таъкидлаш жоизки, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва бошқа ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг изчил ижроси бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Кеча Фарғона шаҳридаги Театр-концерт саройида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Нима қилдик Ватан учун?” шиори остида ўтказилган ижодий учрашувда ҳам ана шу хусусда сўз юритилди. Тадбирда йигит-қизларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан асраш, ёш авлодни миллий қадриятларимизнинг муносиб давомчилари этиб тарбиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ватан, истиқлол, ободлик, тинчлик-осойишталик, халқлар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик тараннуми мажмуада янграган дилтортар куй-қўшиқларнинг бош мавзуси бўлди. Чунончи, Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов, эл севган таниқли хонандалар Зиёда Қобулова, Отабек Муҳаммадзоҳид, Шаҳло Рустамова ва бошқаларнинг чиқишлари  томошабинлар томонидан олқишлар билан кутиб олинди.
Шунингдек, хонандалар Фарғона шаҳридаги 4-болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам бўлдилар. Бу ерда ўқув даргоҳининг санъатсевар ўқувчилари билан учрашув ҳамда маҳорат сабоқлари ташкил этилди.
— Тадбир менда жуда катта таассурот қолдирди, —  дейди Тошлоқ туманилик Нозимахон Мамажонова. — Айниқса, Ватан, истиқлолга бағишланган қўшиқларни мароқ билан тингладик. Бундай ижодий учрашувлар биз, ёшларни келгусида янада юксак марралар сари илҳомлантиради.
Шу куни Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри ҳам ёшлар билан гавжум бўлди. Бу ерда Ёшлар маданият ва санъат маркази, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ва Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Куйла, ёшлигим!” анъанавий танловининг вилоят босқичида 40 нафарга яқин ҳаваскор ижрочилар эстрада йўналишида ўз иқтидори ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Якунда ғолибларга танловнинг республика босқичига йўлланмалар берилди.

Набижон СОБИРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn