Таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси битирувчилар бандлигини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга
  • 14 Февраль 2015

Таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси битирувчилар бандлигини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга

Касб-ҳунар коллежларининг ўзига хос жиҳати шундаки, уларда бўлажак мутахассислар назарий жиҳатдан билимларини амалиётда мустаҳкамлаб боришади. Шу мақсадда барпо этилган ишлаб чиқариш устахоналари, лабораторияларнинг замонавий технологик ускуна ва жиҳозлар билан таъминланганлиги машғулотлар самарадорлигини оширишда қўл келмоқда.

Хусусан, кейинги йилларда Наманган вилоятидаги мавжуд 108 та касб-ҳунар коллежидан 28 таси Корея Республикасининг имтиёзли кредити асосида жиҳозланди. Бир қатор ана шундай муассасалар Осиё тараққиёт банки, халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли сармояси ёрдамида, шунингдек, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга кўмаклашиш лойиҳаси доирасида махсус фан, мультимедиа синфлари, маиший хизмат кўрсатиш, радио ва тележиҳозларни таъмирлаш йўналишлари бўйича зарур воситаларга эга бўлди.
— Бундай шароитда таҳсил олаётган ўқувчиларимиздан малакали мутахассислар етишиб чиқмоқда, — дейди Наманган вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Раҳматжон ўуломов. — Бунда ўқитувчи-муҳандисларнинг сифат таркиби янгиланаётгани, улар сафида фан докторлари, фан номзодлари меҳнат қилаётгани, ўндан зиёд ёш муаллимлар илмий тадқиқот билан шуғулланаётгани қўл келаётир. Пировардида битирувчиларимизнинг ўзлари танлаган касб-ҳунар бўйича ишга жойлашиш масаласи ижобий ҳал этилаяпти. Масалан, ўтган ўқув йили давомида коллежларни тугаллаган 40691 нафар йигит-қизнинг 95 фоизи ўзи ишлаб чиқариш амалиётини ўтаган 16 мингдан ортиқ корхона ва ташкилотлар билан уч томонлама шартнома имзолади.
Дарҳақиқат, касб-ҳунар таълими муассасасини тамомлаётган ёш мутахассиснинг ўқиш чоғида олган сабоқлари у амалиёт ўтаётган даврда кўзга яққол ташланади. Битирувчиларнинг аксарияти бундай пайтларда корхона раҳбарлари ва мутахассислар назарига тушиб, уларнинг ишончини қозонаяпти. Бултур Наманган туманидаги Тепақўрғон педагогика ва сервис коллежини тамомлаган Одина Исмоилова ана шу имкониятдан фойдаланиб, мутахассислик дипломини олиш арафасидаёқ 13-мактабгача таълим муассасаси меҳнат жамоасининг аъзосига айланди.
Ушбу коллежни ахборот технологиялари мутахассислиги бўйича битирган Султон Умаров тумандаги “Сувоқова” корхонасида компьютер оператори, бошланғич таълим йўналишида таҳсил олган Муаззам Холмирзаева 28-умумтаълим мактабида лаборатория таҳлилчиси сифатида ишга жойлашди. Умуман, биргина мазкур таълим муассасасини  тугаллаган 487 нафар битирувчидан 96 фоизи қўлидаги уч томонлама шартнома билан меҳнат жамоаларига йўл олди.
Гап битирувчилар бандлигини таъминлаш ҳақида кетар экан, ушбу масала ечимида тижорат банкларининг иштироки, молиявий кўмаги хусусида ҳам тўхталиш ўринлидир. Чунончи, ўтган ўқув йили давомида ўзининг пухта бизнес лойиҳасига эга бўлган 650 нафар ўқувчи учун имтиёзли кредитга буюртма рўйхати шакллантирилди.
— Ўқиш чоғидаёқ ҳамқишлоқларимга компьютер хизмати кўрсатишни мақсад қилгандим, — дейди Янгиқўрғон туманидаги ижтимоий-иқтисодиёт ва педагогика коллежи битирувчиси Нодира Мухторжонова. — Шу мақсадда ишлаб чиққан бизнес лойиҳам қўллаб-қувватланиб, банкдан 3 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. Кўп ўтмай, мўъжазгина компьютер хонасини ташкил этдим.
Ўғил-қизларни ўзлари танлаган мутахассисликка ўқитиш баробарида, уларда тадбиркорлик кўникмасини ҳосил қилиш, шунингдек, бир қатор қўшимча ҳунарлар ўргатишда коллежлар қошида ташкил этилган кичик ва шуъба корхоналари, ёрдамчи ишлаб чиқариш тармоқларининг ҳам нафи катта бўлаётир. Айни чоғда 10 та тармоққа ихтисослаштирилган 61 кичик корхона фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларда 19 йўналиш бўйича 744 нафар ўқувчининг шуғулланиши учун имконият яратилган. Бу борадаги қулайликлардан фойдаланиб, ўтган ўқув йилида 7 мингдан ортиқ битирувчи мавжуд 75 та иссиқхона, 63 та новвойхона, 80 та тикувчилик устахонаси, 67 та компьютер хизмати, 66 та паррандачилик корхонаси, 62 та гўзаллик салони ва 23 та автомобилларга техник хизмат кўрсатиш сингари шохобчаларда қўшимча касб-ҳунар сирларини эгаллади.
Айни кунларда коллежларда навбатдаги ўқув йили қизғин давом этмоқда. Ушбу жараёнда битирувчиларни иш жойларига йўналтириш билан боғлиқ тадбирларга ҳам жадал киришилган. Жумладан, бундай муассасаларни енгил саноат йўналиши бўйича тамомлаётган қизларнинг 2 минг нафарини вилоятдаги корхоналарда яратиладиган иш ўринларига жойлаштириш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Худди шу тартибда 27 та касб-ҳунар коллежининг қурилиш мутахассислиги бўйича ўқишни тугаллаётган 1361 нафар битирувчиси амалиётни ўташ ва келгусида иш ўринларига эга бўлиш мақсадида қурилиш соҳаси субъектларига бириктирилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn