Ижтимоий шериклик хотин-қизлар имкониятларини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади
  • 14 Февраль 2015

Ижтимоий шериклик хотин-қизлар имкониятларини рўёбга чиқаришда муҳим ўрин тутади

Президентимизнинг Ўзбекистон хотин-қизларининг республика конференцияси иштирокчиларига йўллаган табригида Хотин-қизлар қўмитасининг мамлакатимиз аёлларининг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ҳамда нуфузини ошириш борасидаги кўп қиррали фаолияти, жаҳон хотин-қизлар ҳаракатининг эътибор марказида турган долзарб масалаларни ҳал қилишга қўшган ҳиссаси, айниқса, охирги йилларда унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини кучайтиришга олиб келгани таъкидланган эди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимизда аёлни эъзозлаш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилмоқда. Юртимизда жаҳон хотин-қизлар ҳаракатлари билан бевосита мулоқот ўрнатиш учун яратилган барча зарур шарт-шароит натижасида Республика Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлардан халқаро ҳамжамиятни тўла хабардор этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, халқаро муносабатларни ривожлантириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Қўмитанинг бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда хотин-қизлар учун имтиёзли кредит ажратиш ва шу орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, оилаларнинг иқтисодий фаровонлигини юксалтириш бўйича лойиҳа ва дастурлари муваффақиятли бажарилди. Чунончи, БМТнинг тегишли тузилмаси билан биргаликда Мўйноқ туманида рўёбга чиқарилган лойиҳа доирасида 110 нафар аёлга республикамиз тижорат банклари томонидан 3 фоизли, жами 220 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Европа Иттифоқининг Институционал ривожлантириш ва ҳамкорлик дастури доирасида эҳтиёжманд оилаларга даромад манбаларини яратишда ижтимоий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш бўйича лойиҳасига биноан, аёлларнинг иқтисодий билим ва салоҳиятини юксалтиришга доир туркум семинарлар ўтказилди. Қайд этиш жоизки, Италия, Литва, Испания давлатларидаги ҳамкорлар билан бирга ҳаётга изчил татбиқ қилиб келинаётган мазкур лойиҳа аёллар ва ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишларида, пировардида уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида мазкур жамоат ташкилотининг 2014 йилда халқаро муносабатлар доирасида олиб борган фаолиятига бағишланган ҳисобот тадбирида ана шулар хусусида сўз юритилди. Якунда бу борадаги истиқболдаги режалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn