Атроф-муҳит муҳофазаси
  • 07 Февраль 2015

Атроф-муҳит муҳофазаси

соғлом турмуш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир

Бугунги кунда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш дунё миқёсидаги долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Чунки инсониятнинг ўз эҳтиёжи йўлида табиий ресурслардан аёвсиз фойдаланиши нафақат экологик, балки иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳам юзага чиқармоқда. Шу боис эндиликда мавжуд давлатларнинг аксариятида ишлаб чиқаришни модернизациялаш, айниқса, ушбу жараёнга тежамкор ва экологик зарарсиз технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан кичик бизнес ва йирик саноат корхоналари раҳбарлари иштирокида ташкил этилган “Табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш — барқарор тадбиркорлик ривожланишининг омили” мавзуидаги семинарда шулар ҳақида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда ушбу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Сўнгги йилларда “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги ва “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ижроси юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида атроф-муҳитга чиқарилаётган зарарли моддалар миқдори 1,9, оқова сувлар ташланиши эса 2 баробар камайгани бунинг яққол тасдиғидир.
Шунга қарамай, бу борада ҳали қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳам талайгина. Масалан, ўтказилган таҳлиллар тадбиркорларнинг экологик хавфсизликка дахлдор ҳужжатлар ҳақида хабардорлик даражаси етарли эмаслигини кўрсатди. Бизнес вакиллари, шунингдек, экологик сертификатлаштириш, стандартлаштириш ва меъёрлаштиришнинг асосий қоидалари, бошқача айтганда, ўз фаолиятига экологик менежментни татбиқ этишга жиддий эътибор қаратмаяпти. Ваҳолонки, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддасида корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ҳамда фуқароларга табиий манбаларни асраб-авайлаш ва муҳофаза қилиш учун маълум даражада чора-тадбирларни амалга оширган тақдирда, солиқ бўйича енгиллик  берилиши қайд этилган.
Семинарда, шунингдек, иштирокчиларга ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланишда рухсат бериш тартиб-таомиллари, қўмита томонидан тадбиркорлик субъектларига “Ягона ойна” тамойили асосида кўрсатилаётган хизматлар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn