Маҳалла — хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш маркази
  • 19 Февраль 2014

Маҳалла — хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш маркази

Давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида маҳаллани хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш ғояси илгари сурилган бўлиб, ўтган даврда бу борада салмоқли ишлар рўёбга чиқарилди.

Аввало, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниб, унинг ҳуқуқий асоси яратилгани, бизнесни юритишда юзага келган миллий анъаналар ҳамда хўжалик юритиш фаолиятининг мавжуд ҳолатига мос ҳуқуқий кафолатлар кучайтирилганини айтиш зарур. Натижада юртимизнинг барча ҳудудларида, айниқса, маҳаллаларда хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнес жадал ривожланмоқда, янги иш ўринлари очилиб, аҳоли турмуш даражаси янада юксалишига эришилмоқда.
Пойтахтимизнинг Учтепа туманида жойлашган “Бекобод” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, тадбиркорлар фаолияти билан танишиш асносида бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
— Маҳалламизда 3 минг 500 нафарга яқин аҳоли яшайди, муҳими, уларнинг аксарияти тадбиркорлик соҳасида банд, — дейди ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шоира Маҳмудова. — Ҳудуднинг ўзига хос имкониятлари ва одамлар қизиқишидан келиб чиқиб, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилаётгани амалда ўзини оқламоқда. Айни чоғда бу ерда дурадгорлик, тикувчилик, ёғоч ўймакорлиги, мебель цехлари ишлаб турибди. Уларнинг умумий сони 20 тага етиб қолди. Яна ўнлаб маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда савдо марказлари аҳоли хизматида.
Эътиборлиси, уларнинг барчасида маҳалламизнинг 200 нафарга яқин ўғил-қизлари меҳнат қилиб, оиласига ҳам, жамиятга ҳам фойда келтирмоқда. Масалан, “Маҳалла муруввати” масъулияти чекланган жамиятида 50 нафар хотин-қиз фаолият юритаяпти. Улар тикаётган бир неча турдаги кийим-кечаклар буюртмачи корхона ва ташкилотларга етказиб берилмоқда.
Айни пайтда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиқиб, маҳалламизда тадбиркорлик фаолиятини, шу жумладан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида маслаҳат марказини ташкил этдик.
— Соғлом бола йилида ҳам маҳалламизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик турларини ривожлантиришга кўмаклашиш ва шу соҳага аҳолини кенг жалб этиш мақсадида пухта режа ишлаб чиқдик, — дейди фуқаролар йиғининг тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари бўйича комиссияси раиси Исмоил Алимов. — Режа доирасида маслаҳат марказида тадбиркорлик қилмоқчи бўлган фуқароларга соҳага оид қонун ҳужжатлари асосларини ўргатиш бўйича қисқа муддатли курслар очиш, уларга кредит олишга кўмаклашиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашга ёрдам бериш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширамиз.
— Шу кунларда фаолиятимизни янада кенгайтириш ҳаракатидамиз, — дейди “Маҳалла муруввати” МЧЖ раҳбари Муҳаммадали Ирисалиев. — Бу ишлаб чиқариш ҳажми ҳамда ходимларимиз сони янада ошади, деганидир. Бу борада бизга маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари яқин ҳамкор ва маслаҳатчи бўлиб келаётир.
Аминовлар оиласига тегишли тикувчилик цехи маҳалла аҳли орасида анча машҳур. Ўтган йили иш бошлаган бу кичик корхонада 6 нафар аёл самарали меҳнат қилаётир. Муҳими, улар томонидан тайёрланаётган етти турдаги кийим-бош харидорларга манзур бўлмоқда. Хонадон аъзоларининг келгуси режаси ҳам таҳсинга лойиқ. Гап шундаки, улар ишлаб чиқариш ҳажмини ҳамда иш ўринларини икки баравар кўпайтириш ишларини бошлаб юборишган.
Маҳалла фаоллари Шокировлар хонадонига тегишли мебель ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган цех ҳақида ҳам илиқ фикрларни билдиришди. Бозор талабидан келиб чиқиб ташкил этилган кичик корхонада, асосан, коллеж битирувчилари томонидан турли дизайндаги стол ва стуллар тайёрланмоқда.
Умуман, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнес фаолиятининг изчил тараққиётини юртимиздаги ҳар бир маҳаллада кузатиш мумкин. Дарҳақиқат, республикамиздаги 10 мингга яқин фуқаролар йиғинларининг ҳар бирида ўнлаб ана шундай тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаётганлигидан келиб чиқиб, уларнинг юртимиз иқтисодиётини ривожлантириш ва пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтиришдаги улушини тасаввур қилиш қийин эмас.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, кичик бизнес шаклан кичик бўлишига қарамасдан, иқтисодиётимизни барқарор тараққий топтириш, аҳолини иш билан таъминлаш муаммосини ҳал этиш ва халқимиз фаровонлигини оширишда тобора катта роль ўйнамоқда.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn