Фикр ва тажриба алмашилди
  • 19 Февраль 2014

Фикр ва тажриба алмашилди

Мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда қатор жамоат, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда халқаро ташкилотлар фаол иштирок этаётгани эътиборга молик.

Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Европа Иттифоқининг Институционал ривожлантириш ва ҳамкорлик дастури доирасида кам таъминланган оилаларга даромад манбаларини яратишда ижтимоий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш бўйича лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.
Мазкур лойиҳа Италия, Литва, Испания давлатларидаги ҳамкорлар билан бирга ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Унинг мақсади аёлларнинг иқтисодий имкониятларини рўёбга чиқариш ҳамда бу борада танлаб олинган маҳалла фуқаролар йиғинлари ва жамоат ташкилотлари вакилларининг салоҳиятини юксалтиришга қаратилган бўлиб, бу, ўз навбатида, аёллар ва ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишларида, пировардида уларнинг жамиятда ўз ўринларини топишларига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис лойиҳа доирасида бир қатор семинар-тренинглар ўтказиш кўзда тутилган.
Куни кеча пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган семинар-тренинг нодавлат нотижорат ташкилотларини самарали бошқариш масалаларига бағишланди.      
Бугунги кунда нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда. Ўқув машғулотида шулар хусусида сўз юритилиб, нодавлат нотижорат ташкилотларини янада ривожлантириш, бунинг учун ташкилотда кўнгиллилар фаолиятини йўлга қўйиш, стратегик режалаштириш ва лойиҳаларни бошқариш бўйича зарур маълумотлар берилди. Бу, ўз навбатида, ННТни самарали бошқариш бўйича иштирокчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишга ёрдам беради, мазкур йўналишларда фикр ва тажриба алмашинувига имкон яратади.
— Семинар-тренингда маҳалла, ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа ҳамкор ташкилотларнинг 25 нафар вакили малакаси оширилади, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш гуруҳи етакчи мутахассиси М. Усмонова. — Унда асосий эътибор ушбу маҳаллаларда “Ахборот ойнаси”ни ташкил этиш, аҳолига тадбиркорлик асослари ва микрокредитлаштириш бўйича ахборот ва таълим хизматларини кўрсатиш, бизнес-лойиҳалар ишлаб чиқиш масалаларига қаратилди. Бу эса, шубҳасиз, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Сатрларга кўчган туйғулар Қисқа сатрларда »