Ҳар йигитнинг орзуси
  • 14 Январь 2015

Ҳар йигитнинг орзуси

Гулистон давлат университети магистранти Ўлмасбек Йўлдошевнинг муддатли ҳарбий хизматни ўтагани унинг гап-сўзларидан яққол аён бўлади. Негаки, тўғрисўзлиги, намунали юриш-туриши ва одоб-ахлоқи билан талабалар ўртасида ҳурмат-эътибор қозонган бу йигит аскарлик ҳаётида кўп яхши фазилатларга эга бўлди.

Яна болалик орзуси ҳам ушалди. Яъни унинг Гулистон давлат университети физика-математика факультетига ўқишга киришида ҳарбий хизматдан берилган тавсиянома жуда қўл келди. Бакалаврлик дипломини олгач, таълимнинг кейинги босқичини ахборот технологиялари йўналишида давом эттирди.
— Муддатли ҳарбий хизмат ҳаётимнинг тобланиш палласи бўлди, — дейди Ўлмасбек. — Хусусан, кўзлаган мақсадим йўлида собит ва дадил қадам ташлашни ўргандим. Энг муҳими, эл-юрт равнақига, Ватан тақдири ва келажагига дахлдор эканлигимни теран ҳис этдим.
Ўлмасбек келгусида масофавий таълим бўйича илмий изланишлар олиб боришни режалаштирган. Унинг бу эзгу мақсадига эришишида эса аскарлик туфайли эга бўлган эзгу ҳислати — қатъияти муҳим омил бўлиши, шубҳасиз.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати қошидаги ўқув-услубий марказ нодавлат таълим муассасаси координатори, гулистонлик Нуриддин Шодиевнинг таржимаи ҳолида ҳам муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаган, деган алоҳида қайд мавжуд. Аммо у Ўлмасбекдан фарқли ўлароқ, ҳарбий либос кийиш орзусига олий ўқув юртини битирганидан сўнг эришди.
— Ўғлимизнинг олий маълумотли мутахассис бўлиб етишганидан қанчалик суюнган бўлсак, Қуролли Кучларимиз сафида йигитлик бурчини шараф билан уддалаганидан янада қувондик, — дейди унинг онаси Зулфинисо Худойқулова. — Ота-она учун Ватан ҳимоясига қодир ўғлонни вояга етказишдан ҳам кўра улуғ бахт борми?! Фарзандимнинг аскарликдан янада мулоҳазакор, вазмин, мард, жасур, тартиб-интизомли инсон бўлиб қайтганини айтмайсизми?! Бу миллий армиямизда замонавий ҳарбий машғулотлар билан бирга, маънавият тарбияси ҳам юксак даражада йўлга қўйилганидан далолат беради.
— Ҳудудимиздан ҳар йили ўндан зиёд йигитлар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади, — дейди Боёвут туманидаги “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жумабой Худойназаров. — Ўзимизнинг замонавий спорт мажмуамиз бор. Қачон қараманг, у ёшлар билан гавжум. Мажмуада фарзандларимизнинг жисмоний чиниқиши учун барча шарт-шароит яратилган. Бинобарин, ҳарбий хизматни адо этиб, фойдали меҳнат билан шуғулланаётган ўнлаб йигитлар уларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўлишмоқда. Масалан, шундай ўғлонларимиздан тўрт нафари эл тинчлигини ҳимоя қилаётган бўлса, икки нафари ўқитувчилик касби билан машғул. Қувонарлиси, қаерда бўлмасин, бу ёшларимиз ҳақида фақат илиқ гаплар, мақтовлар эшитаяпмиз.
Албатта, жамиятдан муносиб ўрин эгаллаб, эътироф қозониш — ҳар йигитнинг орзуси. Бунинг учун эса Қуролли Кучларимиз чинакам  ҳаёт мактаби бўлиб хизмат қилаётир.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn