Фаровонлик ва файзу барака ифодаси
  • 26 Декабрь 2014

Фаровонлик ва файзу барака ифодаси

Мамлакатимизда ҳар бир байрамни кўтаринки кайфиятда нишонлаш, аҳолини арзон ҳамда сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаларини ташкил қилиш яхши анъанага айланган.

Жумладан, Янги йил байрами шукуҳи кезиб юрган айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудида ана шундай ярмаркалар ўтказилмоқда. Мазкур жараёнда “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси ҳам муносиб иштирок этаяпти.
Жорий йилнинг 15 декабридан бошланган тадбирларда уюшма таркибидаги ҳудудий улгуржи савдо базаларидан келтирилган сархил мева-сабзавотлар, гўшт, тухум, ширинликлар ва бошқа қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига мақбул нархларда таклиф қилинмоқда.
— Биласиз, Фарғона вилояти деҳқонлари ўзининг тадбиркорлиги билан алоҳида ажралиб туради, — дейди “Қиргули савдо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нуриддин Fофуров. — Улар томонидан етиштирилган мева-сабзавотлар, полиз маҳсулотлари нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам машҳур. Бу йил биз ана шундай миришкорлар билан тузилган шартнома асосида қабул қилиб олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан 300 тоннасини пойтахт аҳолиси учун келтирдик. Айтиб ўтиш жоизки, уларнинг истеъмолчилар дастурхонига сархил ҳолда етиб боришида улгуржи савдо базаларининг замонавий технологиялар билан жиҳозланаётгани, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун йирик омборлар қурилаётгани қўл келмоқда.
Дарҳақиқат, кейинги йилларда “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси тизимидаги ҳудудий улгуржи савдо базалари кенг миқёсда янгиланаяпти. Бу халқимизни қиш — баҳор мавсумида ҳам зарур маҳсулотлар билан узлуксиз таъминлаш имконини бераётир.
— Энг муҳими, бунинг натижасида нарх-навонинг барқарорлигига эришилмоқда, — дейди уюшманинг бошқарма бошлиғи Неъматжон Аҳмаджонов. — Масалан, бу галги Янги йил байрами арафасида “Ширин” ва “Авиасозлар” деҳқон бозорлари ҳамда “Ўзкўргазмасавдо” мажмуаси маъмурияти билан тузилган келишувга кўра, бу ерларда махсус савдо павильонлари барпо этилди. Уларда нархлар бошқа бозорлардагига нисбатан 20 фоиз арзон этиб белгиланди. Шу кунгача фақатгина мазкур учта жойнинг ўзида 600 миллион сўмликдан зиёд маҳсулотлар сотилгани яратилган қулайлик истеъмолчиларга нечоғли маъқул бўлаётганидан далолатдир. 25 декабрдан бошлаб эса нархлар яна ўн фоиз арзонлаштирилди. Савдода узилиш бўлмаслиги учун 250 тонна картошка, 150 тонна пиёз, 190 тонна мева-сабзавот, 50 тонна гуруч, умуман, жами 2 миллиард сўмликдан зиёд захира яратилди.
— Байрамни оила даврасида, тўкин дастурхон атрофида ўтказишга нима етсин?! — дейди Олмазор туманилик харидор Абдураҳмон Ҳасанов. — Ярмаркада барча ноз-неъмат муҳайё. Айниқса, пештахталарда териб қўйилган меваларни айтмайсизми?! Сифати аъло. Худди дарахтдан ҳозиргина узиб олингандек. Бунинг учун бизга шундай маҳсулот етказиб бераётган деҳқону тадбиркорларимизга ҳар қанча раҳмат айтсак арзийди.
Байрамолди савдо-ярмаркалари республикамизнинг барча ҳудудидаги деҳқон бозорларида ташкил этилган 50 дан ортиқ шохобчаларда ўтказилмоқда.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn