Тадбиркор аёлларнинг бизнес-лойиҳалари банкларнинг молиявий кўмагида муваффақиятли амалга оширилмоқда
  • 26 Декабрь 2014

Тадбиркор аёлларнинг бизнес-лойиҳалари банкларнинг молиявий кўмагида муваффақиятли амалга оширилмоқда

Кеча Тошкент шаҳрида “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида тадбиркор аёллар ўртасида ташкил этилган “2014 йилнинг энг яхши лойиҳаси” кўрик-танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда таъкидланганидек, хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи ва фаоллигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ўз салоҳиятларини кенг намоён этишлари учун қулай шароит яратиб бериш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Бундан оқилона фойдаланаётган опа-сингилларимиз тадбиркорликда ҳам самарали фаолият кўрсатиб, нафақат оиласига наф келтираяпти, балки иқтисодиётимиз ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Дарҳақиқат, ишбилармон аёллар сафи кун сайин кенгайиб бораяпти. Жумладан, бугунги кунда республикамизда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг 35, фермер хўжаликларининг эса 10 фоизида хотин-қизлар етакчилик қилмоқда. Тижорат банклари томонидан уларга кенг кўламли молиявий хизматлар кўрсатилаётгани эса инвестициявий лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш имконини бераётир.
Президентимизнинг бундан ўн йил муқаддам қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони банк ва тадбиркор аёллар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлади.
Республика Марказий банки департаменти директори Азамат Қосимов ўз сўзида “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида 2014 йилнинг ўтган даврида салкам 1 триллион сўмлик кредитлар ушбу мақсадларга йўналтирилиб, бу борада 1,3 баробар ўсишга эришилганини қайд этди. Шу билан бирга, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар, хусусан, аёлларнинг ҳуқуқий-иқтисодий билимларини ошириш, уларни хорижий тажрибалар билан таништириш, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида ҳаётга татбиқ қилинаётган лойиҳалар кутилган натижани бермоқда. Жорий йилда 201 минг нафардан зиёд қизлар доимий иш билан таъминлангани, шу жумладан,  5872 нафари банкнинг 46,5 миллиард сўмлик сармоясидан унумли фойдаланиб, ўз бизнес фаолиятини йўлга қўйгани бунга яққол мисолдир.
— Марказий банк томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани опа-сингилларимизнинг ишбилармонлик қобилиятларини юзага чиқараяпти, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маруфова. — Аёлларнинг ташаббускорлиги ортмоқда, чекка ҳудудларда ҳам замонавий хизмат кўрсатиш инфратузилмаси яратилиб, гўзаллик салонлари, савдо дўконлари, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари, тикувчилик корхоналари фаолият кўрсатаётир. Соғлом бола йилида бу борадаги ишлар кўлами кенгайдики, мазкур жиҳат аёлларнинг банкларга бўлган ишончи янада мустаҳкамланишида муҳим омил бўлди.
“2014 йилнинг энг яхши лойиҳаси” кўрик-танловида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан иштирок этган минглаб тадбиркор аёллар орасидан 14 нафари ғолибликни қўлга киритган бўлса, 36 нафари рағбатлантирувчи мукофотга лойиқ кўрилди. Уларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда банклардан имтиёзли равишда кредит олиш имконини берувчи сертификатлар топширилди.
Ушбу кўрик-танлов нафақат тадбиркорларни тақдирлаш, балки уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш, ўзаро иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, ёшларни мустақил бизнес фаолиятини йўлга қўйиб, жамиятда ўз ўрнини топиш, оиласи ва юртига фойда келтиришдек эзгу мақсадлар сари руҳлантираётгани билан ғоятда аҳамиятлидир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn