Шу билан бирга, бу борада олдимизда турган янги вазифаларни белгилаб бериб, жумладан, шундай дедилар: “Бизнинг эътиборимиз марказида туриши керак бўлган энг муҳим масалалардан яна бири — бу Конституциямизга мувофиқ кўп тармоқли иқтисодиётимизнинг устувор соҳалари бўлмиш хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни тез суръатлар билан ривожлантириш йўлидан барча ғов ва тўсиқларни йўқ қилиш, уларнинг эркинлигини таъминлашдир”.
Дарҳақиқат, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз тараққиётида, халқимиз учун фаровон ҳаёт барпо этишда ҳал қилувчи етакчи кучга айланганига кундалик турмушимиз мисолида гувоҳ бўлиб турибмиз. Бу соҳа, айтиш мумкинки, юртимиз истиқболининг мустаҳкам пойдеворидир.
Шубҳасиз, бунда тармоқни ривожлантириш мақсадида қабул қилинган қонунлар, Фармон ва қарорлар асосида тадбиркорларга берилган янги имтиёзлар, кенг имкониятлар муҳим омил бўлмоқда. Маърузада қайд этилганидек, кейинги йилларда рухсат беришга оид тартиб-таомилларнинг 160 дан ортиғи ёки 44 фоизи, лицензиялаш талаб қилинадиган фаолиятнинг 19 тури ёки 25 фоизи бекор қилингани, тадбиркорлик субъектлари томонидан давлат органларига тақдим этиладиган статистика, солиқ ва молиявий ҳисоботларнинг шакли ҳамда даврийлиги 1,5-2 марта камайтирилгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
Бундай беқиёс эътибор ва ғамхўрлик туфайли кўпчилик тадбиркорлик субъектлари қаторида бизнинг корхонамиз ҳам катта ютуқларга эришаяпти. Аниқроғи, 40 кишилик жамоамиз томонидан тиббиёт учун 130 турдан ортиқ мебель жиҳозлари, юмшоқ мебеллар, спорт инвентарлари ишлаб чиқарилмоқда. Улар Хоразм вилоятидан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий, Бухоро вилоятларидаги мижозларимизга ҳам етказиб берилаяпти. Фақат шу йилнинг ўзида эса республикамиздаги 12 та туман тиббиёт бирлашмасига 2 миллиард сўмликдан зиёд тиббий мебель жиҳозлари юборилганини айтиш кифоя. Айни пайтда эса маҳсулотларимиз экспортини йўлга қўйишга ҳозирлик кўраяпмиз. Зеро, Юртбошимизнинг маърузаси барчамизни эзгу ишларни рўёбга чиқаришга, пировард мақсадимиз — эл-юрт фаровонлигини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшишга даъват этмоқда.
Йўлдош ЭРНАЗАРОВ,
Янгибозор туманидаги «Элинза» ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари.