Мазкур вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳаси тизимидаги корхона ва ташкилотлар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида меҳнаткашларнинг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий ҳимоясини кафолатлаш, уларга қулай меҳнат шароитларини яратиш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш, соғлом, баркамол фарзандларни вояга етказиш борасида бир қатор самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, буни тизимдаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар ўртасида турли спорт мусобақалари ташкил этиб келинаётгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Шу пайтгача ўтказилган аёллар спорт фестивали, стол тенниси кўчма кубоги, минифутбол спорт ўйинлари шулар жумласидандир. Эътиборлиси, ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида тизим ходимлари ўртасида спортга бўлган қизиқиш тобора ошмоқда. Мисол учун, 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида Самарқанд шаҳрида “Соғлом она — соғлом авлод гарови” шиори остида ўтган аёллар спорт фестивалида 2 мингга яқин хотин-қиз қатнашди. Стол тенниси кўчма кубогида эса 4 минг нафардан зиёд ходимлар иштирок этди.
Куни кеча Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ҳамкорлигида тизимдаги ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида маданий-спорт мусобақаси юқори савияда ташкил этилди. Баҳсларда нафақат оилаларнинг спортга бўлган қизиқиши, шу билан бирга, уларнинг сиёсий, маданий ва юксак маънавий етуклиги, интеллектуал салоҳияти, аҳиллиги, ўзаро бир-бирини тушуниши ҳам синовдан ўтказилди.
— Бу мусобақада мағлублар бўлмади, — дейди совриндорлардан бири, Чўлпон номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи ходими Б. Имомжонов. — Бундан нафақат ўзим, оила аъзоларим ҳам мамнун бўлишди. Зеро, бундай тадбирлар оилани янада жипслаштиради, энг муҳими, соғлом муҳитни қарор топтиришга хизмат қилади.
Мусобақа доирасида оилалар фарзандлари эркин ва обод Ватанимизни қандай тасаввур этишларини ўзлари чизган суратларда ифодалаб беришди.
ўолиб ва совриндорлар Ўзбекистон алоқа ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг махсус дипломлари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири