Fурур-ифтихоримиз рамзи
  • 28 Октябрь 2014

Fурур-ифтихоримиз рамзи

Бугун Қашқадарё вилоятига келган меҳмон борки, гўзал ва мафтункор Қарши шаҳрини кўрмай, унинг кўрки-чиройидан баҳра олмай кетмайди.

Зеро, Қарши — боғу бўстонга, гулзорларга айланган бир чаман. Шаҳар марказидаги “Эл-юрт таянчи” монументи сайёҳлар, сайилга чиққанлар, гул кўтарган ёшлар, келин-куёвлар билан ҳамиша гавжум. Президентимиз ташаббуси асосида бунёд этилган “Эл-юрт таянчи” монументи авлодлар бардавомлигининг ёрқин тимсоли сифатида ёшларимизда она-юртга меҳр, Ватанга садоқат туйғуларини тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
2006 йилнинг 27 октябрида очилган ушбу монументда тасвири мужассамлашган меҳнаткаш оиланинг аъзолари, Юртбошимиз таърифлаганидек, бир-бирини асраб-авайлаб, бир-бирига елкадош бўлиб, ҳар қандай мушкул вазиятда ҳам ўзларига ишониб яшашмоқда ва диёрини бутун дунёга танитиб, халқимизнинг ҳақиқий таянчи ҳамда суянчи бўлиб қолмоқда.
Мустақиллик йилларида миллатимиз ва халқимиз тарихий илдизларининг нақадар чуқур эканлигидан далолат берувчи улкан маданий меросимиз, маънавий қадриятларимиз қайта тикланди. Бугунги кунда Қаршининг бош майдонига ярашиб турган маҳобатли “Эл-юрт таянчи” ёдгорлик мажмуаси қашқадарёликлар ва бу ерга келувчи меҳмонларнинг мўътабар қадамжоларидан бирига айланди. Эндиликда вилоятга ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар, ишбилармон ва расмий доиралар вакиллари, албатта, мазкур мажмуани кўриб, шу юртни обод этаётган, унинг ёруғ келажаги учун фидокорона меҳнат қилаётган халқимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатмоқдалар.
Вилоят марказида айни пайтда жуда катта бунёдкорлик ва яратувчилик ишлари давом этмоқда. Шаҳар маркази янада кенгайиб, олдингидан-да гўзалроқ қиёфа касб этаётир. Барча мавзеларда бири-биридан чиройли замонавий иморатлар қад ростлаб, кўплаб янги уй-жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, таълим масканлари ҳамда спорт иншоотлари фойдаланишга топширилаяпти.
— Қарши шаҳрини янада гўзал, замонавий, барчанинг ҳавасини тортадиган марказга айлантириш учун унинг 2030 йилгача мўлжалланган бош режасини амалга ошириш, шаҳар инфратузилмасини реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори ҳамда махсус дастур қабул қилинди, — дейди Қашқадарё вилояти архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қурбонов. — Ана шу дастурга мувофиқ, биринчи навбатда, Қарши шаҳрининг ҳудудини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Бугунги кунда унинг умумий майдони 8 минг 500 гектардан иборат бўлса, келгусида бу рақам икки баробар ортиб, қарийб 17 минг 700 гектарни ташкил этади.
Президентимизнинг халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқида Қарши шаҳри бўйича билдирган фикрлари, берган тавсияларига асосан, шаҳарнинг янги бош режаси ишлаб чиқилди. “Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ” томонидан тайёрланган  янги бош режада шаҳарни замонавий шаҳарсозлик мезонларига асосан ривожлантириш назарда тутилган ва шунга асосан, ҳар бир ҳудуднинг бугунги кун талабларига мос меъморий ечимга эга бўлиши устида иш олиб борилаяпти. Хусусан, марказий ва асосий кўчалардаги эски ва кўримсиз иншоотлар ўрнида ижтимоий, маиший ҳамда ишлаб чиқариш объектлари жойлаштирилган замонавий бинолар қурилмоқда.
 Кейинги йилларда Қарши шаҳри янада чирой очди, гуллаб-яшнади. Жаҳон цивилизациясининг бешикларидан бири, дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган ва қўшаётган шаҳар сифатида Қарши ЮНЕСКО томонидан эътироф этилганлиги, айниқса, диққатга сазовордир. Бугун воҳа аҳли янгиланишлар, ҳаётбахш ўзгаришларни кўриб, қалбида чексиз ғурур ва ифтихор ҳисларини туймоқда.
Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, “Эл-юрт таянчи” ёдгорлигидаги меҳнаткаш оила сиймосида порлаб турган сабот ва матонат ҳамда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, буюк келажакка бўлган қатъий ишонч руҳи ҳам ушбу майдонга ташриф буюрганларни ўзига мафтун этмоқда.

А. МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn