Ишонч ва эътибор чексиз қувонч бағишлайди
  • 28 Октябрь 2014

Ишонч ва эътибор чексиз қувонч бағишлайди

Президентимизнинг Ўзбекистон пахтакорлари ва барча меҳнаткашларига йўллаган табригидан кўнглимиз осмон қадар кўтарилди.

Сабаби, унда биз, деҳқону фермерларнинг камтарона меҳнатимизга юксак баҳо берилиб, жумладан, “Халқимизда, деҳқон учун осон йилнинг ўзи бўлмайди, деган теран маъноли ибора бор. Бу йилги мавсум бу фикрни яна ва яна бир бор тасдиқлаб бермоқда. Баҳор фаслида ҳаво ҳароратининг одатдагидан нисбатан паст бўлгани, чигитнинг униб чиқиши 8-10 кунга кечиккани, айрим ҳудудларда ғўзани сел ва дўл уриб кетгани, турли касаллик ва зараркунандалар кўпайгани, ёздаги сув танқислиги, кузнинг анча эрта ва салқин келгани деҳқон ва фермерларимиз учун жиддий қийинчиликлар туғдирди”, деган сўзлар алоҳида таъкидланди.
Чиндан ҳам, бу йилги мавсумда мўл ҳосил яратиш осон кечгани йўқ. Аммо фермерлик ҳаракатига қаратилаётган алоҳида эътибор, яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар муаммоларни мардонавор енгиб ўтишимизда катта мадад бўлди. Мисол учун, юртимизда имтиёзли кредит ажратиш, уруғлик, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ўғитни дала бошигача етказиб бериш бўйича ташкил этилган тизим бошқа жойларда бўлмаса керак.
Бундан унумли фойдаланиб, ғўза парваришида соҳа мутахассисларининг тавсиялари, қолаверса, кўп йиллик тажрибамизга таяниб иш тутдик. Яъни интенсив агротехнологияларни қўллаган ҳолда, ғўза қатор ораларига 12 марта сифатли ишлов бердик. Бу — одатдагидан 4-5 марта кўп, деганидир. Суғоришни эса “шарбат” усулида фақат тунда бажардик. Бунинг учун гектарига 5 тоннадан маҳаллий ўғит жамғариб қўйганимиз қўл келди, албатта.
Ушбу усул нафақат обиҳаётдан тежаб-тергаб фойдаланиш, балки гармселга қарши курашда яхши восита эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Пировардида баракали ҳосил етиштириб, давлатга 605 тонна сифатли пахта сотишга эришдик.
Давлатимиз раҳбари табригида бизнинг фермер хўжалигимиз номи ҳам илғорлар қаторида тилга олиниб, алоҳида эътироф этилгани жамоамизга катта куч, руҳий қувват бағишлади.
Фермер хўжалигимиз кўп тармоқли бўлиб, деҳқончиликдан ташқари, боғдорчилик ва чорвачилик билан ҳам шуғулланаяпмиз. Қўшимча тармоқлардан яхшигина даромад олаётганимиз, ўз навбатида, хўжалигимизнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш, 32 нафар ишчимизни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда кенг имкониятлар эшигини очмоқда. 
Деҳқончиликда танаффус бўлмайди, дейишади. Шундан келиб чиқиб, бугунги кунда келгуси йил ҳосили учун пухта ҳозирлик кўраяпмиз. Ниятимиз — бундан буён ҳам қишлоқ хўжалигида юқори самарадорликка эришиб, эл-юрт фаровонлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишдан иборат.

Иноят НАРЗИЕВ,
Бухоро туманидаги «Ислом Нарзиобод»
фермер хўжалиги раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn