Тинчлик ва осойишталик — тараққиёт гарови
  • 24 Октябрь 2014

Тинчлик ва осойишталик — тараққиёт гарови

Тинчлик ва осойишталик — улуғ неъмат. Улар мужассам бўлган жойда тараққиёт ва ривожланиш барқарордир. Юртимизнинг мустақил тараққиёт йўлига назар солсак, бунга яна бир карра амин бўламиз.

Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги боис қанчадан-қанча бунёдкорлик ишлари рўёбга чиқарилмади, дейсиз. Бундай улкан ютуқларга эришишимизда ички ишлар идораларида кечани — кеча, кундузни — кундуз демай хизмат қилаётган осойишталик посбонларининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Уларнинг фидокорона меҳнатининг эътирофи ўлароқ, ҳар йили мамлакатимизда 25 октябрь — Ички ишлар идоралари ходимлари куни сифатида кенг нишонланади. Мухбиримиз Ички ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи Илҳом Турғунов билан шулар хусусида суҳбатлашди.
— Жамият барқарорлиги, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш ички ишлар идоралари  ходимларидан катта жасорат ва матонатни, билим ва малакани, энг асосийси, юксак ватанпарварликни талаб этади, — дейди И. Турғунов. — Шу боис истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ тизимда туб ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 25 октябрдаги қарори билан ички ишлар идоралари фаолиятини такомиллаштириш, унинг таркибий тузилмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, кадрларни танлаш ва хизматни тўғри ташкил этишга жиддий эътибор қаратилди. Президентимизнинг 2001 йил мартдаги Фармонига биноан, тизимнинг моддий-техник базаси яхшиланди, жиноятчиликка қарши кураш борасида ходимларимизнинг халқ билан ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлиги янада кучайтирилди. Энг муҳими, мазкур ҳужжатлардан келиб чиққан ҳолда, ички ишлар идораларининг етакчи йўналишлари бўлган Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш, Тергов, Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, Ёнғин хавфсизлиги, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматларида янгиланишлар амалга оширилди, улар фаолияти бугунги талаб даражасида такомиллаштирилди. Шуларга мос ҳолда қабул қилинган бошқа қонун ҳужжатлари ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Маълумки, тизим фаолияти муваффақиятини кўп ҳолларда малакали, Ватани ва касбига садоқатли кадрлар белгилаб беради. Шу маънода, соҳа учун етук кадрлар тайёрлаш барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар каби Ички ишлар вазирлигининг ҳам олдида турган долзарб вазифалардан бири ҳисобланади...
— Ўтган даврда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги олий ўқув юртлари  — ИИВ Академияси, Тошкент олий ҳарбий техника билим юрти, Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби ташкил этилиб, тингловчи ва курсантлар жаҳон андозаларига мос билим олишлари учун барча шарт-шароит яратилди. Президентимизнинг 2004 йил июндаги Фармонига биноан, ИИВ Академиясида Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курслар ташкил этилиши бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширди. Ҳозирги пайтда мазкур курсларда криминалистика маркази, ўқув-дала машқ майдони, компьютер ва лингафон хоналари мавжуд. Уларнинг барчаси зарур ўқув жиҳозлари ва замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланган. Инновацион педагогик технологиялар, одам савдоси ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш, криминалистик тадқиқотлар ўтказиш марказлари, криминалистик полигон, намунали милиция таянч пункти ўқув маркази, Инсон ҳуқуқлари бўйича ресурс маркази, тергов фаолияти мутахассислиги ўқув-методик хонаси, педагогик маҳорат мактаби, замонавий ахборот-коммуникация тизими билан жиҳозланган маъруза заллари ҳам курсантлар ихтиёрида. Бу ерда улар жазони ижро этиш, ёнғин хавфсизлиги, йўл-патруль, патруль-пост хизмати, хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш, қўриқлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби йўналишлар бўйича билим ва малакаларини оширмоқдалар. Ушбу курсларни битирган минглаб сержантларимиз ҳозирги пайтда Ватанимиз тинчлиги, халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида самарали фаолият олиб боришаяпти.
Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби хусусида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Ўтган даврда ушбу таълим муассасасининг ўқув-лаборатория биноси, жанговар машғулотлар ўтиш хонаси, ўйингоҳ, ошхона, навбатчилик ва тиббий-санитария қисмлари, амалий ўқитиш кафедраси ҳамда бошқа ёрдамчи иншоотлар тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Таълим жараёнини янада такомиллаштириш, соҳага янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ қилиш борасида салмоқли ишлар бажарилди. Ҳозирги кунга келиб, электрон маъруза матнларидан унумли фойдаланилмоқда. Электрон кутубхона ишлаб турибди. Умуман, бу ерда курсантлар тўлиқ билим олиб, малакали мутахассис бўлиб етишишлари учун барча қулайлик муҳайё қилинган.
Авваллари муассасада, асосан, муҳандис-техник ходимлар тайёрланган бўлса, эндиликда замонавий ишлаб чиқариш корхоналарининг ёнғин хавфсизлигини таъминлайдиган, қурилиш материаллари ёнғин хавфсизлиги кўрсаткичларини аниқлайдиган ҳамда юз берган ёнғинни ўчиришда замонавий воситалардан самарали фойдалана оладиган етук кадрлар тайёрланмоқда.
— Барча жабҳаларда бўлгани каби ички ишлар тизимида эришилаётган ютуқларимиз ҳам нафақат юртдошларимиз, балки хорижликлар томонидан эътироф этилаётир. Хусусан, Жаҳон миқёсида қонун устуворлигининг навбатдаги индексини эълон қилган “The World Justice Project” мустақил халқаро ташкилоти йиллик маърузасида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича 5 та етакчи давлат қаторидан жой олган. Бу кўпроқ қайси натижаларимиз учун берилган, деб ўйлайсиз?
— Тизимда олиб борилаётган янгиланишлар туфайли жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар йилдан-йилга камайишига эришилмоқда. Бу борада кенг жамоатчилик билан йўлга қўйилган ҳамкорлик муҳим омил бўлаяпти, десак, айни ҳақиқат. Жумладан, “Маҳалла посбони” жамоат тузилмасининг ташкил этилиши ва жамоатчилик вакилларининг ички ишлар идоралари ходимларига ҳар томонлама кўмак бериши натижасида аҳоли, айниқса, аёллар ва ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинмоқда.
Яна бир мисол. Бугун юртимизда мавжуд 3 минг 712 та милиция таянч пунктининг аксариятида фан ва спорт тўгараклари, кичик бизнес шохобчалари, замонавий спорт майдончалари очилиб, уларга шу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, хусусан, ёшлар ва ўсмирлар қамраб олинган. Бу уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш билан бирга, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда қўл келаяпти. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 3 мингга яқин маҳаллада биронта жиноят содир этилмагани ҳам шундан далолат бериб турибди.
Умумтаълим мактаблари, академик лицей  ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари, маҳаллалар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳам бу борада қўл келаяпти. Пировардида охирги беш йил давомида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 14 фоиз камайди.
Профилактика хизмати изчил йўлга қўйилгани ва инспекторларнинг турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиб келаётгани эса жойларда жиноятчилик камайишида самара бераяпти. Бу борада, айниқса, милиция таянч пунктлари алоҳида ўрин тутади. Зеро, бу масканларда хизмат қилаётган фидойи инспекторларнинг маҳалла посбонлари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги боис жиноятлар ўз вақтида фош этилмоқда, кўплаб жиноятларнинг олди олинмоқда.
Янги қабул қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарганлигини ҳам айтиш зарур.
— Бундай ижобий натижалар ўз-ўзидан қўлга киритилаётгани йўқ. Бунинг замирида давлатимиз раҳбарининг тизимга қаратаётган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги мужассам, албатта...
— Дарҳақиқат, Президентимиз ички ишлар ходимларига касб байрами муносабатида билан йўллаган табригида: “Ишончингиз комил бўлсинки, сизларнинг одамлар осойишталигини таъминлаш йўлидаги машаққатли, олижаноб ва фидокорона меҳнатингиз доимо юксак қадрланади”, деган эди.  Бунинг ҳаётий ифодасини ҳар қадамда ҳис этиб турибмиз. Хусусан, истиқлол йилларида 1 минг 300 нафардан зиёд ходимларимиз давлатимизнинг юксак унвонларига сазовор бўлишди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз ўтган давр мобайнида асрларга татигулик ютуқларга эришди. Бунда, шубҳасиз, тинчлик ва осойишталикни таъминлаб келаётган ички ишлар идоралари ходимларининг фидойилиги алоҳида ўрин тутади. Зеро, ана шундай заҳматкаш касб эгалари борлиги учун ҳам осмонимиз доимо мусаффо, кўнглимиз хотиржам, ютуқларимиз эса бардавомдир.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ
суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn