Янгиланиш, бунёдкорлик ва ободлик
  • 24 Октябрь 2014

Янгиланиш, бунёдкорлик ва ободлик

Иш ва ўқишдан бўш пайтларда, дам олиш ва байрам кунларида маданий ҳордиқ чиқаришнинг гашти ўзгача. Зеро, халқимиз: “Яхши дам — меҳнатга ҳамдам”, деб бежиз айтмайди.

Баҳаво, сўлим масканлар, табиат қўйнида бўлиш кишига қанчалик роҳат бахш этса, замонавий маданият ва истироҳат боғларида сайр қилишнинг ҳам шунчалик бетакрор завқ-шавқи бор. Бинобарин, бугун мамлакатимизда аҳолининг мазмунли дам олиши учун барча шарт-шароитни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрда қабул қилинган “2011 — 2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.
Ушбу ҳужжат асосида юртимиздаги маданият ва истироҳат боғларини босқичма-босқич таъмирлаш, замонавий аттракционлар ўрнатиш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли юмушлар бажарилаётгани фикримиз далилидир.
— Шаҳримиз кундан-кунга  кўркамлашиб бораётир, — дейди Нукус шаҳри бош меъмори Сағинбой Утениязов. — Шаҳарнинг қоқ ўртасидан оқиб ўтадиган “Дўстлик” канали қирғоқларига бетон плиталар ётқизилиб, атрофи маданий дам оладиган ҳудудга айлантирилмоқда. Икки ярим километрга чўзиладиган ушбу масканда боғ, болалар учун аттракционлар, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бунёд этилаяпти.
Номи юқорида айтиб ўтилган қарор ижроси доирасида Нукус шаҳрида қад ростлаган “Болалар истироҳат боғи”га ташриф буюрсангиз, худди эртаклар оламига келиб қолгандай бўласиз. Ушбу хушманзара масканда аҳоли, айниқса, болажонларнинг мириқиб дам олиши, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча қулайлик яратилди. Боғ ҳудудида юздан зиёд турдаги гул кўчатлари ўтқазилди, йўлакларнинг икки тарафига турли кўринишдаги панно ва афишалар, боғнинг тунги вақтда ҳам чароғон бўлиши учун кўплаб ёритқич ва чироқлар ўрнатилди.
— Илгари бундай муҳташам истироҳат боғларини фақат орзу қилиш мумкин эди, — дейди нукуслик меҳнат фахрийси Исмоил ота Матчонов. — Эндиликда ушалмас орзуларимиз кўз ўнгимизда ҳаёт ҳақиқатига айланмоқда. Мана, қаранг: аҳоли соя-салқин, турли аттракционлар ва кўнгилочар ўйинларга бой дам олиш масканларида мириқиб ҳордиқ чиқараяпти. Фарзандларимизнинг қувончини кўриб, дил яйрайди. Беихтиёр, шундай кунларга етказганига шукроналар айтасан, киши.
Таъкидлаш жоизки, мазкур боғ аҳоли бўш вақтларини мароқли ўтказадиган, ота-оналар фарзандлари билан маданий дам оладиган сўлим масканга айланиб улгурди. Истироҳат боғида турли маданий дастурлар ташкил этиш, мижозларга юқори сифатли хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайтирилди. Бу ерда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирлар ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилаётир.
— Ўғлим Эломон бу ерга келишни жудаям ёқтиради, — дейди ўунча Ниязимбетова. — Айниқса, боғда барпо этилган очиқ осмон остидаги музейда Хива, Бухоро, Самарқанд каби тарихий шаҳарларимиздаги ёдгорликларнинг рамзий кўринишлари акс этгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти.
Янгидан бунёд этилган ушбу истироҳат боғи юрт ободлиги, аҳоли фаровонлиги ва инсон манфаатларини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг яна бир ёрқин ифодасидир.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn