Меҳнатимиз роҳатини кўраяпмиз
  • 09 Октябрь 2014

Меҳнатимиз роҳатини кўраяпмиз

Куни кеча Юртбошимиз Андижон вилоятига ташрифи чоғида биз, фермерлар билан учрашиб, деҳқончилик соҳасидаги илғор тажрибалар, ғўза навларини тупроқ ва иқлим шароитларига мос равишда танлаш, янги агротехнологияларни жорий этиш ҳақида қимматли маслаҳатларини бердилар. Фермерлик ҳаракатининг истиқболи ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Дарҳақиқат, бугунги кунда фермерлик ҳаракати тобора кенг тус олмоқда. Эндиликда мазкур соҳа вакилидан нафақат ташкилотчилик, балки мелиорация тадбирларига алоҳида эътибор қаратиш, ер унумдорлигини ошириш, селекция ишларини такомиллаштириш талаб этилаяпти. Бошқача айтганда, қачонки, фермер ишга илмий ёндашиб, ҳосилдорликни ошириш, сарф-харажатларни қисқартириш пайидан бўлсагина, юксак натижаларга эришади.
Учрашувда Юртбошимизнинг вилоят меҳнаткашларига берган юқори баҳоси, айниқса, андижонлик аёлларнинг шаънига айтган илиқ сўзлари ҳаммамизни тўлқинлантириб юборди. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, аёл бор жойда барака бор, тинчлик-хотиржамлик ҳукмрон. Албатта, бу Ўзбекистонимиздаги барча хотин-қизларга қарата айтилган каломдир. Ана шу сўзлар замирида мамлакатимизда хотин-қизларга нечоғли юксак эътибор қаратилиб, ғамхўрлик кўрсатилаётгани мужассам. Шу боис улар барча соҳада фаол. Меҳнат қилиб роҳат-фароғатда яшашмоқда.
Масалан, ўзим ҳам фермерлик орқасидан барака топдим. Фарзандларимнинг ҳаммаси ўқимишли. Ҳозиги кунда 14 нафар набира ва 9 нафар чеваранинг бувисиман. Гоҳида фарзандларим ёки набираларим билан вилоятимиз марказига тушганимда, бу ерда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини, ободликни кўриб хурсанд бўлиб кетаман. Чунки булар келажагимиз ворислари учун қилинаётган эзгу ишлар самарасидир.
Қисқаси, лўппи-лўппи очилиб турган пахта даласидаги очиқ мулоқот ҳар биримизнинг кучимизга куч, ғайратимизга ғайрат қўшди. Демак, бундан буён ҳам юртимиз ободлиги ва фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида астойдил меҳнат қилаверамиз.


Сиёсатхон АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Олтинкўл туманидаги
«Олтинкўл водий гулшани»
фермер хўжалиги раҳбари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn