Оила — жамиятнинг мустаҳкам бўғини
  • 09 Октябрь 2014

Оила — жамиятнинг мустаҳкам бўғини

“Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасидан.


“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Жамият ва оила: маънавий ва ахлоқий олам” мавзуида сўров ўтказилди.
Унга кўра, ўзбекистонликлар учун оила ва болалар ҳаёт мазмунидир. Бугун дунёда кузатилаётган глобал ўзгаришларга қарамасдан, юртимизда оила вояга етаётган авлод тарбиясида энг муҳим ижтимоий институт, деган мақомини мустаҳкамлаб бораяпти.
Оиланинг бош вазифаси баркамол шахсни вояга етказишдир. Респондентларнинг 61,4 фоизи ана шундай фикр билдирган. Ҳамюртларимиз фарзандларини мустақил ҳаётга тайёрлаш, жисмонан соғлом, маънан етук улғайтириш, уларга яхши таълим бериш, касбу кор эгаси қилиб тарбиялаш энг асосий вазифаларидан эканлигини алоҳида таъкидладилар. Фуқаролар давлатимиз раҳбари томонидан болалар спортини ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида олиб борилаётган стратегияни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашларини маълум қилишди.
Сўровда иштирок этганларнинг 65,4 фоизи болаларини яхши тушунишини, ўзаро муносабатлар ишонч асосига қурилганини қайд этишди. Уларнинг аксарияти замонавий ота-оналар ва фарзандлар қарашлари ҳамда қадриятлари турлича бўлади, деган фикрни ёқламаслигини айтишди. Бу мамлакатимизда оилавий қадриятлар авлоддан-авлодга ўтиб келаётганининг яна бир тасдиғидир.
Социологик тадқиқотда никоҳга кираётганларнинг ёши оила фаровонлиги гарови эканлиги маълум бўлди. Респондентларнинг айтишича, бу кўрсаткич ўғил болалар учун 25 — 26 ёш, қизлар учун 21 — 23 ёшдир. Сўровда қайд этилишича, турмуш қуришдан олдин ёшлар касб эгаси, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиши керак.
Сўровда қатнашганларнинг мутлақ катта қисми (94,4 фоизи) болани дунёга келтириш ва мустаҳкам оилани барпо этиш учун мажбурий тиббий кўрикдан ўтишни муҳим, деб билади.
Тадқиқот давомида аҳолининг оила ва никоҳ соҳасидаги ҳуқуқий маданияти ҳам ўрганилди. Ўзбекистонликлар Оила кодексининг асосий моддалари, никоҳ шартномаси мазмун-моҳиятидан хабардор. Фуқароларнинг кўпчилиги никоҳни ФҲДЁ рўйхатидан ўтказиш тартиби ҳамма учун мажбурий, деб ҳисоблайди.
Таҳлилларга қараганда, катталар ва ота-оналарга ҳурмат жамиятимизга хос эзгу анъанадир. Ёшлар никоҳ қуриш учун, албатта, ота-она розилигини олиш зарурлигини чуқур англашади.
Сўровда истиқлол йилларида юртимизда халқимизнинг тарихий урф-одатлари, қадриятлари қайта тикланиб, ривожланиб бораётгани яна бир бор тасдиқланди. Жумладан, маҳалла институти қайта туғилиб, янгича мазмун-моҳият касб этмоқда.
Ўзбекистон оиласи — аҳил, меҳнатсевар, меҳмондўст, болаларни ардоқлайдиган, ёши улуғлар эъзозланадиган, ватанпарварлик мустаҳкам қарор топган ижтимоий институтдир. Фуқароларнинг фикрича, замонавий оиладаги муносабатлар меҳр-муҳаббат, ўзаро тушуниш ва ҳурмат-эҳтиром булоғидан сув ичади.
Ўтказилган социологик тадқиқот бугунги Ўзбекистон оиласининг фаровонлиги, маънавияти юксалиб бораётгани Президентимиз томонидан жамиятнинг ушбу ажралмас бўғинини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган оқилона сиёсатнинг ёрқин самараси эканлигини кўрсатди. Зеро, мазкур ижтимоий институт барқарорлиги ва унинг равнақ топиши мамлакат тараққиёти, баркамол авлодни вояга етказишнинг зарур шартидир.


«Ижтимоий фикр» маркази
материаллари асосида
Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn