Ёшлар — фахримиз, ғуруримиз
  • 09 Октябрь 2014

Ёшлар — фахримиз, ғуруримиз

Ҳар бир ота-она ўғил-қизининг камолини кўришни, азиз Ватанга муносиб фарзанд бўлишини истайди. Шу жиҳатдан олганда, биз фарзандларимизга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Негаки, мамлакатимизда ёшларнинг пухта билимли, юксак маънавиятли бўлиб камол топиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган.

Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган таълим модели ўғил-қизларимизни ҳар жиҳатдан салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялашнинг мустаҳкам пойдевори сифатида халқаро жамоатчилик  томонидан муносиб баҳоланмоқда.
Бундай муваффақиятга таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага  янги педагогик технологияларни кенг жорий этиш ҳамда ўқитувчи ва мураббийлар малакасини оширишга устувор аҳамият қаратилаётгани натижасида эришилмоқда. Мен ҳам ишчан муҳит ва тўкис шароитда ёш авлодга таълим-тарбия беришда фаол иштирок этаётганим, устоз ва мураббийлар учун яратилган беқиёс имкониятлардан фойдаланаётганимдан ўзимни ҳамиша бахтиёр сезаман.
Таълимдаги ислоҳотлар самараси, энг аввало, соҳа вакилларининг касбига садоқати, фидойи меҳнатида кўзга ташланади. Бу ҳақда, жумладан, Президентимиз биз, ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табрикларида яна бир карра таъкидлаб, шундай дедилар:
“Таълим соҳасидаги ноёб дастурларимизнинг ижроси қанча куч ва имконият, қанча маблағни талаб қилгани — бу ўз йўли билан, лекин мана шундай улкан ва улуғвор ишларни амалга оширишда айнан сизлар ўзингизни аямасдан, сидқидилдан меҳнат қилганингиз ҳисобидан биз юртимизда бу соҳада туб бурилиш ва ўзгаришларга ҳам назарий, ҳам амалий пойдевор яратдик”.
Бу жумлаларни такрор-такрор ўқир эканман, қалбим ҳаяжондан тўлқинланди. Кўзимдан шукроналик ёши сизди. Негаки, бу сўзлар, ҳеч шубҳасиз, бугунги кун ўқитувчиси меҳнатига берилган юксак баҳодир.
Ўқитувчи ўз малака ва маҳоратини мунтазам ошириб турадиган соҳа вакили саналади. Шукрки, юртимизда бизнинг самарали фаолият юритишимиз учун барча шароит ва имкониятларни яратиш, меҳнатимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Бундай ғамхўрлик туфайли ўтган йиллар мобайнида умумтаълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимидаги юзлаб устоз ҳамда мураббийлар Ватанимизнинг юксак унвонларига, орден ва медалларига сазовор бўлди. Касб байрамимиз арафасида мен ҳам “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвонига лойиқ кўрилдим. Бу ҳақдаги хушхабарни эшитар эканман, салкам ўттиз йиллик меҳнатим, тажриба ва маҳоратим вилоят педагоглари орасида оммалашгани, эндиликда турли соҳаларда хизмат қилаётган юзлаб шогирдларим, сабоқ бераётган ўқувчиларимнинг фан олимпиадалари, билимлар синовидаги фаол иштироки ҳамда бошқа ютуқларим бирма-бир кўз олдимдан ўтди.
Иш фаолиятим, тажриба ва муваффақиятларим эътирофи ҳисобланган мазкур мукофот мени, кўп кишилик педагогик жамоамизни  янги муваффақиятлар сари илҳомлантиради. Ўз навбатида юксак ишонч, зиммамиздаги муҳим вазифалар масъулиятимизни янада оширади.


Махмуда ЖУРАМИРЗАЕВА,
Учқўрғон туманидаги
34-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган халқ таълими ходими

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn