Муносиб меҳнат — фаровон ҳаёт асоси
  • 08 Октябрь 2014

Муносиб меҳнат — фаровон ҳаёт асоси

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Жаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари, парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари қатнашди.

Таъкидлаб ўтилганидек, муносиб меҳнат нафақат ижтимоий адолат тамойилларини, шу билан бирга, иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва ривожланишини, жамиятда манфаатлар уйғунлигини таъминловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Юртимизда муносиб меҳнат концепциясини амалга ошириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида ҳар бир фуқаронинг меҳнат қилиш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, эркин касб танлаш каби конституциявий ҳуқуқлари тўла таъминланмоқда. Айниқса, меҳнат соҳасида таъсирчан давлат ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилганлиги, муносиб меҳнат тамойилларига амал қилиш учун давлат, иш берувчилар ҳамда касаба уюшмалари ўртасида самарали ижтимоий мулоқот ўрнатилганлиги диққатга сазовор.
Айни чоғда Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида қабул қилинган 2014 — 2016 йиллар учун Муносиб меҳнат дастури ушбу йўналишдаги ишларни янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Давра суҳбатида Ўзбекистон касаба уюшмаларининг аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга, нодавлат сектор корхоналарида касаба уюшма ташкилотларини тузиш, бу орқали жамоа шартномаларида кўзда тутилган имтиёз ва кафолатларнинг мазкур корхоналарда меҳнат қилаётган ходимлар учун ҳам татбиқ этилишини таъминлаш ва бошқа масалалар хусусида ҳам атрофлича сўз борди.
Тадбир доирасида “Меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини ташкил этиш бўйича энг яхши корхона” Республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат соҳасидаги асос солувчи тамойиллар ва ҳуқуқлар тўғрисидаги Декларацияси ҳамда уни амалга ошириш механизмига бағишланган қўлланма тақдимоти ўтказилди.


Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn