Жорий йилнинг ўтган даврида 9 мингдан зиёд оила янги уй-жойлар соҳибига айланди
  • 26 Сентябрь 2014

Жорий йилнинг ўтган даврида 9 мингдан зиёд оила янги уй-жойлар соҳибига айланди

Шаҳару қишлоқларимизни обод этиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бунга айни пайтга келиб олис қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган тураржойлар ҳам яққол мисол бўла олади.

Дарҳақиқат, бугун юртимиз улкан бунёдкорлик майдонига айланиб, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун мўлжалланган якка тартибдаги уй-жойлар ўзида миллий ва замонавий меъморчилик анъаналарини уйғунлаштирган ҳолда бунёд этилаётгани ҳудудлар кўркига кўрк қўшмоқда. Бошқача айтганда, Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан бошланган мазкур тадбир бугунги кунга келиб оммавий тус олди.
Жорий йилда бу каби уйларни қуришга тендер асосида танлаб олинган 1148 та асосий пудратчи ташкилот жалб этилган. Жараённинг узлуксиз ва сифатли бажарилишида эса улар учун зарур бўлган қурилиш ашёларининг арзон нархларда етказиб берилаётгани айни муддао бўлаётир.
“Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компаниясидан олинган маълумотларга кўра, жорий йил охирига келиб ана шундай уйлар сони 11 мингтага етказилади. Уларни замонавий коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун эса 433 километрлик газ, 343,7 километрлик ичимлик суви, 307,3 километрлик электр энергияси тармоқлари тортилиб, 263 километр масофада ички йўллар қурилади, 187 та бозор инфратузилмаси объектлари қад ростлайди. Бу пудратчи қурилиш-монтаж ташкилотлари уй-жойлар билан бирга, саноат ва хизмат кўрсатиш иншоотларини қуришга ҳам фаол жалб этилади, деганидир.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда аҳолининг бахтли турмуш кечиришини таъминлашга қаратилган ишлар самараси қишлоқларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар, бу ерда истиқомат қилаётган аҳоли турмуши нечоғли обод ва фаровон бўлиб бораётганида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn