Улуғ аждодларга муносиб бўламиз!
  • 04 Сентябрь 2014

Улуғ аждодларга муносиб бўламиз!

Мамлакатимиздаги барча ўқув муассасаларида “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида “Мустақиллик дарслари” бўлиб ўтди.

Уларда истиқлолнинг ўтган 23 йилида эришилган улкан ютуқлар, халқимизнинг кўп асрлик орзуси — мустақиллик, миллий ғурурнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилди.
Навқирон авлод билан бўлиб ўтган интерфаол мулоқотларда ўзбек халқининг бой маданияти ва илмий мероси, уларнинг замонавий цивилизация ривожидаги ролига алоҳида аҳамият қаратилди. Мазкур мавзуни батафсил очиб бериш мақсадида барча босқичдаги таълим даргоҳларига олий ўқув юртларининг 15 мингга яқин етакчи профессор-ўқитувчилари, олимлар, ёзувчи-шоирлар ва академиклар таклиф этилди. Уларнинг орасида жорий йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро илмий конференция иштирокчилари ҳам бор эди.
Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг мазкур анжумандаги нутқи 18 минг ададда чоп этилиб, республикамиздаги барча таълим муассасаларига етказиб берилди. Маъруза асосида педагоглар, ўқувчи-талабалар учун тегишли ўқув дастури ҳамда методик тавсиялар ишлаб чиқилди. “Мустақиллик дарслари”да улардан кенг фойдаланилди. Бу эса жорий ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари битирувчилари, коллеж ва лицей ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари учун мўлжалланган махсус факультатив дарсларга асос бўлиб хизмат қилади.
Мухбирларимиз ҳамюртларимизнинг “Мустақиллик дарслари”дан олган таассуротлари билан қизиқди.

Ҳамроқул БЎРИЕВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти педагогика ва жисмоний маданият кафедраси мудири:
— Ҳар бир халқ, ҳар бир миллат ўз тарихий илдизлари билан фахрланишни, ғурурланишни истайди. Биз эса ана шундай табаррук заминда яшаяпмиз. Буюк аждодларимиз номи асрлар оша барҳаёт. Улар қолдирган улкан маънавий хазинадан бутун инсоният баҳраманд бўлаяпти. Истиқлол бизга ана шундай бахтни инъом этди. Бинобарин, ёшларимиз кимлигимиз, қандай буюк зотларнинг, қандай буюк мероснинг ворислари эканлигимизни чуқур англаб, камолга етсагина, улар бугунимиз ва келажагимизнинг ҳақиқий маънодаги ишончи ва таянчига айланишлари шубҳасиз.
Институтимизда бўлиб ўтган “Мустақиллик дарслари”да ёшларимиз аждодларимиз ибрати ва бой мероси ҳақидаги мисолларни кўзлари ёниб, қалби лиммо-лим ҳаяжонга тўлиб эшитишди. Ҳатто талабаларимиздан бири “Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбеклар орзу қилган гўзал бир жамиятда яшаяпмиз. Мана, бугун уларнинг куч-қудрати, салоҳияти, истеъдоди озод ва обод Ватанимиз ёшлари қалбида жўш уриб турибди. Ишончим комилки, бизнинг авлод ҳам улуғ ишларга қўл уражак. Чунки илм-фан, маърифат, маданият юксак даражада қадрланган замонда яшаяпмиз. Барча имкониятлар эшиги очиқ. Энди навбат — бизники!” деганида жуда тўлқинланиб кетдим.
Ўрта асрларнинг илк даврида Шарқда амалга оширилган буюк илмий кашфиётлар ҳали-ҳануз дунё аҳлини ҳайратга солиб келади. Шу боис математика, астрономия, физика, химия, геодезия, фармакология, тиббиёт каби аниқ ва табиий фанларнинг, шунингдек, тарих, фалсафа ва адабиёт ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг боқий меросини ўрганиш ва чуқур тадқиқ этишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётир.

Мадина КАРИМОВА,
Хонқа енгил саноат ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи ўқувчиси:
— “Мустақиллик дарси”да истиқлол йилларида эришилган ютуқлардан янада кенгроқ бохабар бўлдик. Хусусан, “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро илмий конференциянинг оламшумул аҳамияти, мазмун-моҳияти, она-диёримизда яшаб ўтган аждодларимизнинг дунё цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси ҳақидаги маълумотлар бизда катта таассурот қолдирди. Шунда нафақат менинг, балки барча дўстларимнинг нигоҳлари ғурурдан порлаб кетди. Ва курсдошларимиз билан биргаликда мен ҳам ўзимга ўзим “Уларга, албатта, муносиб авлод бўламан”, дея сўз бердик. Чунки бугун ана шу буюк зотларнинг йўлини давом эттириш учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Ўқиб, олим бўламан, десангиз, барча имкониятлар мавжуд. Замонавий билим даргоҳлари дейсизми, дарсликлар, ўқув қўлланмалари дейсизми, компьютерлар, мультимедиа қурилмалари дейсизми, ҳамма-ҳаммаси ким учун? Биз — Истиқлол фарзандлари учун! Шундай экан, албатта, ўз олдимизга қўйган юксак марраларни забт этиб, эзгу мақсадларга эришамиз.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
Ойбек РАҲИМОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn