«Ватан тараққиёти — биз ёшлар қўлида»
  • 04 Сентябрь 2014

«Ватан тараққиёти — биз ёшлар қўлида»

Келажагимиз ворисларининг камолоти йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, ёшларнинг маънавий дунёқараши, билим ва тафаккурини бойитиш мақсадида барпо қилинган замонавий ўқув даргоҳлари, илму ҳунар марказлари бугун улар иқтидорини кенг намоён этишга хизмат қилаяпти.

Пировардида истеъдодли ўғил-қизлар илм-фан, санъат ва спорт соҳаларида баланд марраларни забт этиб, юртнинг эртанги тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга қодир инсон бўлиб вояга етмоқдалар.      
Пойтахтимизнинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида ўтказилган “Ватан тараққиёти — биз ёшлар қўлида” номли ёшлар фестивалида фарзандлар иқтидорини юксалтиришга бўлган улкан эътибор ўз тасдиғини топиш билан бир қаторда, чинакам шукроналик шодиёнасига айланиб кетди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати шаҳар Кенгаши, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Ўрта махсус, касб ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ўтказилган мазкур фестивалдан кўзланган мақсад баркамол авлод таълим-тарбияси, маънавий-маърифий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ёшларга атрофлича тушунтиришдир.
“Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган ушбу фестивалда  беш мингга яқин фаол ёшлар, жумладан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони совриндорлари, халқаро олимпиада ва спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб келаётган ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати лойиҳаларида ғолибликни қўлга киритганлар қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ёш авлоднинг жисмоний, ақлий ва маънавий жиҳатдан баркамол ривожланиши учун қулай шарт-шароит яратиб бериш Ўзбекистонда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг ўзига хос хусусиятларидан бири эканлигини таъкидлашди. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида навқирон авлоднинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганлиги қайд этилди.
Шундан сўнг саҳнадаги катта мониторда “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати” мавзуида видеоролик намойиш этилди. Дарҳақиқат, мазкур видеороликда мустақиллик йилларида ёшлар сиёсатининг тизимли равишда ташкил қилинаётганлиги ёшларга билдирилаётган ишонч ва эътиборнинг юксак намунаси сифатида кўрсатиб берилган.
— Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан “Камолот” сардорларининг 23 туҳфаси” лойиҳаси амалга оширилди, — дейди “Камолот” ЁИҲ Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Элбек Шукуров. — Мазкур лойиҳа доирасида турли танловлар, “Камолот кунлари”, “Мустақиллик — менинг тақдиримда”, “Ўзбек миллий кино санъати кунлари”, “Мустақилликнинг 23 иншооти” каби тадбирлар ўтказилди. Уларга 24 мингдан ортиқ ёшлар жалб этилгани эътиборга молик. Бундай тадбирларда тарихан қисқа даврда биз қандай улкан ривожланиш йўлини босиб ўтганимизни баҳолашда “Ким эдигу ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни асосий ва бош ғоя сифатида белгилаётганлигимиз тинчлик ва шукроналикнинг белгиси бўлиб хизмат қилмоқда.
Байрамона безатилган мажмуада жорий йилда дунё миқёсида улкан ютуқларга эришган Ўзбекистон ёшлари ўз тенгдошлари билан учрашиб, барча ёшларни мустақиллигимизнинг 23 йиллиги билан самимий қутлади.
Фестиваль доирасида санъат, спорт усталари ва ёш ижрочилар томонидан концерт дастури намойиш этилди. Ўйлаймизки, мазкур тадбир барча ёшларни Ватанни янада севишга, шу юрт тараққиёти учун фидокорона меҳнат қилишга ундайди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn