Мустақиллик ўзлигимизни англаш бахтини берди
  • 04 Сентябрь 2014

Мустақиллик ўзлигимизни англаш бахтини берди

Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлган жамиятимизда юксак маънавиятни қарор топтириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, бу борада зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилгани эътиборга сазовор.

Зеро, юксак маънавиятли, ҳар томонлама баркамол авлодгина “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат” деган эзгу мақсадни рўёбга чиқаришда, яъни ривожланган демократик давлатлар қаторидан жой олишимизда ҳал қилувчи куч, бизнинг ишончимиз ва таянчимиздир.
Шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, ўтган йиллар давомида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Муҳими, бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.
Айтиш жоизки, биз бундай имкониятга истиқлол шарофати билан эришдик. Бинобарин, мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтганидек, мустақиллик, истиқлол деган улуғ неъмат аввало халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, инсоний шаънимиз, миллий онгимиз, қадр-қимматимизни тиклаб, барчамизга ўзлигимизни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб берган, Ватанимиз тарихида ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайдиган буюк санадир.
Халқимиз маънавиятини янада юксалтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлашнинг ўзиёқ кишига ўзгача завқ бағишлайди. Хусусан, ёш авлод тарбиясига қаратилган интилишлар ва буларнинг натижалари тўғрисида ҳам шуни айтиш мумкин. Хусусан, 1997 йилда Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида ушбу муҳим йўналишлар аниқ-тиниқ қилиб белгилаб берилган эди. Бугунги кунда таълим муассасаларимизда маънавий-ахлоқий ва маърифий ишлар бой миллий маданий-тарихий анъаналаримиз, халқимизнинг ранг-баранг урф-одатлари, умумбашарий қадриятларга асосланган ҳолда олиб борилмоқдаки, бу фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай камолга етишларида муҳим аҳамият касб этаяпти.
Умуман, истиқлолнинг ўтган 23 йилини ўзига хос Ренессансга қиёслаш мумкин. Бинобарин, шу давр ичида миллий маънавиятимиз булоғи қайта кўз очди, халқимиз ўзлигига қайтди. Жумладан, юртимиз сиёсатчилари, олимлари, маърифатчилари томонидан собиқ шўро даврида унутилишга маҳкум этилган тарихимизнинг бой мероси тикланди. Давлат раҳбарининг оқилона сиёсати самараси ўлароқ, Хива, Шаҳрисабз, Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарларимиздаги меъморий мажмуалар, муқаддас қадамжолар, азиз авлиёлар зиёратгоҳлари асл ҳолига келтирилди, уларнинг атрофлари ободонлаштирилди. Бугунги кунда ушбу мўътабар ва муаззам масканлар нафақат ўзбекистонликлар, балки хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига оҳанрабодек жалб этаётир. Бинобарин, чет эллик меҳмонларнинг юртимиздаги тарихий обидаларга, айниқса, истиқлол йилларида уларни асл ҳолига қайтариш борасида амалга оширилган ишларга берган юксак баҳолари шу маънода бежиз эмас. Жорий йил октябрь ойида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Ижроия кенгашининг 99-сессиясига мезбонлик қилиш учун Самарқанд шаҳрининг бир овоздан маъқулланиши ҳам маънавий меросимизнинг яна бир бор халқаро миқёсдаги ўзига хос эътирофи бўлди.
Мустақилликнинг 23 йилида она-Ватанимизнинг бетакрор гўзаллиги ва бойлигини ўз асарларида тараннум этган, жаҳон цивилизациясига маърифий-маънавий йўналишдаги асарлари, кашфиётлари, ихтиролари билан улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимиз улуғлангани, қадамжолари обод этилгани кишига ғурур бағишлайди. Ўз навбатида, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Қарши, Термиз, Тошкент, Марғилон каби кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарларимиз юбилейлари халқаро миқёсда тантана қилинди. “Авесто”, “Алпомиш”, Маъмун Академияси билан боғлиқ улуғ саналар муносиб нишонланди.
Буларга муштарак тарзда ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатидан ўрин олган Хивадаги Ичанқалъа, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабздаги тарихий дурдоналар, кўплаб бошқа объектлар реставрация қилинди, кўркам қиёфа касб этди. Шунингдек, ЮНЕСКОнинг Репрезентатив рўйхатига киритилган Наврўз, Катта ашула, Шашмақом, Бойсун маданий мероси ўрганилаётгани, теран таҳлил ва тадқиқ этилаётгани меросимиз ҳамда қадриятларимиздан ёш авлодни баҳраманд этишга бўлган саъй-ҳаракатларимиздан далолатдир.
Шу йил май ойида Самарқандда сайёрамизнинг энг нуфузли олимлари иштирокида ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференция ҳам “Биз киммиз, қандай буюк зотларнинг, қандай буюк мероснинг ворисларимиз?” деган саволга муносиб жавоб бўлди.
Албатта, 2001 йилда “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этди. Айни чоғда 2010 йилда амалиётга киритилган номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, сақлаш, уларни тарғиб этиш ва фойдаланиш бўйича 2010 — 2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ижроси ҳам мамлакатимизда мазкур соҳадаги ишларни янада ривожлантиришда салмоқли ўрин тутаяпти. Шу билан бир қаторда, ёшларни юксак маънавият руҳида камол топтириш, уларда миллий анъаналарга ҳурмат туйғусини янада кучайтириш мақсадида “Устоз — шогирд” анъаналари ривожлантирилаётгани ҳам айни муддаодир.
Мухтасар айтганда, тарихий меросни тиклаш ва ёшларни уларга ҳурмат руҳида камол топтириш йўлидаги бундай эзгу ҳамда хайрли ишлар амалга оширилаётган мамлакат дунёда камдан-кам топилади. Буларнинг барчаси юксак натижалар мезони бўлишига шубҳа йўқ.

Абдуғофур МАМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn