Эъзоз, эътибор, эҳтиром
  • 04 Сентябрь 2014

Эъзоз, эътибор, эҳтиром

Вобкент туманидаги “Имом Қозихон” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида олти минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. Карим Назаров — ана шуларнинг бири. Отахон айни дамда 101 ёшда.

— Карим отанинг оиласи ҳудудимиздаги энг ибратли хонадонлардан биридир, — дейди қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Салоҳиддин Азимов. — Бу оилада  тўрт ўғил, беш қиз вояга етди. Барчаси ували-жували. Бири тадбиркор, бири ҳосилот, яна бири ўқитувчи. Невараю эваралари ҳам эл-юрт хизматида. Отахоннинг ўзи бир умр чорвачилик соҳасида меҳнат қилди. Қоракўлчилик равнақига ҳисса қўшди. Ҳалол меҳнат ортидан қут-барака топган бу хонадонни биз ёшларга доимо намуна қилиб кўрсатамиз.
Қишлоқ оқсоқолининг айтганича бор. Элим деб яшаган инсоннинг дастурхонидан барака аримайди. У халқ эъзозида, эътиборида  бўлади. Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги байрами арафасида Карим ота Назаров Президентимиз Фармонига мувофиқ, бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Шу муносабат билан юз ёшдан ошган меҳнат фахрийси истиқомат қилаётган хонадонга вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи М. Эсанов ташриф буюриб, унга давлатимизнинг юксак мукофотини тантанали тарзда топширди. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, қишлоқдошлар қатнашган тадбирда табаррук ёшдаги отахон ва унинг хонадони шаънига илиқ сўзлар айтилиб, байрам совғаси улашилди.
— Президентимизнинг бу юксак эътиборидан бошим кўкка етди, — дейди отахон. — Мен ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари қатағон даври, Иккинчи жаҳон уруши ва ундан кейинги йиллар очарчилиги, қаҳатчилиги шоҳидиман. Яқин-яқингача пасқам, томсувоқли уйларда яшардик. Ёғин-сочинли кунларда йўлларимиздан ўтгани юрак бетламасди. Енгил автомашинали бўлиш ширин бир орзу эди...
Шукрки, мана шундай тинч ва фаровон кунларни кўриш менга ҳам насиб этди. Болаларим, бу кунларнинг қадрига етинглар. Тинчлик-осойишталик — бебаҳо неъмат. Шундан фаровонлик, шундан ободлик. Буни доимо ёдда тутинг.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn