Қалбимиз қувончга тўлди
  • 22 Июль 2014

Қалбимиз қувончга тўлди

Бугун ҳаётимиз шиддат билан ўзгармоқда. Дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи тобора ўткир муаммога айланиб бораётган мураккаб бир даврда мамлакатимизда 8 миллион 50 минг тонналик ғалла хирмони яратилгани барчамиз учун қувонарли ҳол.

Бундай юксак марра ўз-ўзидан қўлга киритилмагани, бунинг учун қандай машаққатли йўл босиб ўтилгани ва бу муваффақият қанчалик қадр-қимматга эга эканлиги Президентимизнинг Ўзбекистон ғаллакорларига йўллаган табригида алоҳида таъкидланди. Унда, жумладан, шундай дейилган: “Бу мисли кўрилмаган ютуқнинг моҳияти ва қадр-қимматини ҳар томонлама чуқур англаш учун бир вақтлар, яъни эндигина мустақилликка эришган биринчи кунларда давлатимиз омборларида халқимизни боқиш учун фақатгина бир ҳафта-ўн кунга етадиган ун қолганини, айтиш мумкинки, юртимиз очарчилик остонасида, жар ёқасида турганини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, биз қандай таҳликали ва хатарли замонни бошимиздан кечирганимиз ва бугунги қўлга киритган, ҳақиқатан ҳам, буюк марраларнинг баҳоси ва аҳамияти яққол аён бўлади”.
Дарҳақиқат, эндиликда биз обод юртда фаровон турмуш кечираяпмиз. Байрамларимиз, тўйларимиз кўп. Уларни файзли ва тўкин дастурхон атрофида шоду хуррамликда, тинчлик-хотиржамликда ўтказаяпмиз. Бундай фараҳбахш кунлар учун қанча шукрона айтсак арзийди.
Отамнинг ёнида юриб, менда ҳам фермерликка муҳаббат уйғонди. Шу ишнинг бошини тутиб, хато қилмаган эканман. Яратиб берилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, меҳнат қилаётганимиз туфайли кўплаб ютуқларни қўлга киритаяпмиз. Жумладан, қишлоқ хўжалигининг пахтачилик, ғаллачилик ва чорвачилик тармоқларидан яхшигина даромад кўраяпмиз. Фойдамиз ҳисобига замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиб, фермер хўжалигимиз паркини тўлдираяпмиз.
Халқимизда “Интилганга толе ёр” деган нақл бор. Чиндан ҳам, изланиш ва интилишларимиз бесамар кетмаяпти. Масалан, жорий йилда 76 гектар ерда ғалла етиштириб, давлатга 245 тонна дон сотган бўлсак, яна шунчаси ёнимизда қолди. Ўтган йили ҳар гектар ғаллазордан 70-75 центнер ҳосил кўтарган бўлсак, бу йил маҳаллий ва минерал ўғитлардан унумли фойдаланишимиз натижасида ҳосилдорликни 90 центнерга етказдик. Натижада ишчиларимизнинг ҳар бирига 4-5 тоннадан дон улашдик.
Қисқача айтганда, бутун жамоамизнинг уйи донга, қалби қувончга тўлди. Зеро, фермерларга яратилган қулай шарт-шароит, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик шу каби ютуқларнинг бош омили бўлаётир.


Ғолиб ЭРГАШЕВ,
Кармана туманидаги «Амир ғолиб келажак»
фермер хўжалиги раҳбари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn