Меҳнатсевар, оқила, ташаббускор
  • 14 Июль 2014

Меҳнатсевар, оқила, ташаббускор

хотин-қизларимиз юрт равнақига муносиб ҳисса қўшмоқдалар

Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигини муносиб кутиб олишга ҳозирлик кўрар эканмиз, энг аввало,
Истиқлол неъматларининг ҳаёт тарзимиз, турмуш даражамиз тубдан ўзгариб бораётгани, орзу, интилиш, қизиқишларимиз рўёбга чиқаётгани, эришаётган муваффақиятларимиз дунё мамлакатлари орасида муносиб эътироф этилаётганида намоён бўлаётганини таъкидлаш жоиз. Мустақиллик ҳар биримизнинг тақдиримизда бўй чўзмоқда. Айниқса,
хотин-қизларнинг оиладаги, жамиятдаги нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётгани кишини қувонтиради. Хусусан, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, сиёсий фаоллигини ошириш, касбий, жисмоний, маънавий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, қиз болаларни замонавий касб-ҳунарларга йўналтириш, уларни спортга кенг жалб этиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом оилани шакллантириш янада юқори босқичга, аниқроқ айтганда, давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йилда Ўзбекистон хотин-қизларининг республика конференцияси иштирокчиларига йўллаган табригида таъкидланганидек, улар ўзларининг меҳнатсеварлиги, оқилалик ва шукроналик фазилатлари, сабр-бардоши, эртанги кунга ишонч туйғуси билан барча қийинчилик ва машаққатларни енгиб, бошқаларга ўрнак бўлиб келаётганини кўплаб ҳаётий мисолларда яққол кўриш мумкин.
Юксак эътибор ва ғамхўрлик оғушида
Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ — 1991 йил 27 декабрда Президентимизнинг аёллар билан ишлаш тизимини яратиш борасидаги ташаббуси асосида ташкил этилган Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси мамлакатимиз аёлларининг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид эзгу ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Мазкур жамоат ташкилоти томонидан олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар аёллар ҳаётининг янада яхшиланишига, илғор ғоя ва ташаббусларини юзага чиқариш ва рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Ўтган йилларда ишлаб чиқариш, таълим, соғлиқни сақлаш, аграр соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган ўн уч нафар аёл Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига, кўплаб аёллар Давлат мукофотларига сазовор бўлгани том маънода уларга кўрсатилаётган юксак эътибор намунасидир.
— Бугунги кун аёллари ҳар жабҳада пешқадам, — дейди андижонлик Наргиза Сатторова. — Ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, ўтган даврда педагогикага оид бир қатор ўқув-услубий қўлланмалар яратдим. Асака тиббиёт коллежида “Тиббиёт камалаги” унитар корхонасини ташкил этганимиз айни муддао бўлди. Бу ерда чеварчилик фаолияти йўлга қўйилиб, қизларимиз тумандаги тиббиёт ходимлари ва талабаларга махсус иш ҳамда ўқиш кийимларини етказиб бермоқда. Буларнинг барчаси Президентимизнинг биз, аёлларга кўрсатаётган чексиз меҳр ва ғамхўрлиги натижасидир.
Бир ўйлаб кўринг-а, хотин-қизлар илгари ҳозиргидек қадр-қимматга эга бўлганми? Уларга кенг имкониятлар яратилганми? Эсласак, бир пайтлар хотин-қизларнинг педагогика йўналишидаги фаолияти кўпроқ кузатилар эди. Бугун эса барча жабҳаларда эркаклар билан тенгма-тенг хизмат қилаётган опа-сингилларимиз сафи тобора кенгаймоқда. Очиғи, бундан фахрланасан киши. Айни пайтда ўзим ҳам педагог, ҳам педиатр, ҳам ишбилармон, ҳам тадқиқотчи, ҳам раҳбар, ҳам она сифатида ҳаётда мустаҳкам мавқега эга бўлиб бормоқдаман. Ўзбекистондек хотин-қизларнинг бахти, камолоти, истиқболини кўзлаган мамлакатда яшаётганимдан беҳад фахрланаман.
Албатта, юртимизда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар жаҳон ҳамжамиятининг ҳам асосий диққат-эътиборидадир. Нуфузли халқаро институтларнинг эътироф этишича, Ўзбекистон дунё давлатлари орасида хотин-қизлар учун қулай шароит яратиш, оила, оналикни муҳофаза қилиш борасида етакчи ўринлардан бирини эгаллаб турибди.


Ҳуқуқ ва манфаатларимизнинг муҳим омили
Шак-шубҳасиз айтиш мумкинки, Мустақилликнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон аёллар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга оид катта тажрибага эга бўлди. Бугун бемалол дунё хотин-қизлар ҳаракатининг диққат-эътиборида турган долзарб масалаларни ҳал қилишга ҳисса қўшаётган мазкур тажрибани жаҳонга кўрсатиш мумкин. Чунончи, 2013 йилнинг 30-31 май кунлари “Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва эркинлиги, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш: Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида ўтказилган халқаро конференция муайян маънода бу борадаги тажрибалар намойишига айланди. Ушбу муваффақиятларимизда юртимизда аёллар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси ҳамда уни амалга ошириш механизмларининг яратилгани муҳим омил бўлмоқда.
— Яқинда 70 ёшни қарши олдим, — дейди қашқадарёлик пенсионер Рўёб момо Худойназарова. — Ҳаётимизда бўлаётган ўзгаришларни ҳар гал телевизор орқали кўриб, фарзандларимдан эшитиб, очиғи, ҳайратланаман. Айниқса, аёлларга берилаётган имкониятлар, яратилаётган шарт-шароитларни кўриб, куч-қувватга тўла даврим уйда, болалар қуршовида, далада ўтганини эслайман. Оддий қишлоқ аёлининг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмас эди. Уй-рўзғор ташвишлари билан ўралашиб қолгандик. Бугун эса Ватанимизда аёллар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, манфаатлари қонун доирасида ҳимоя қилинаяпти. Буни бежиз айтмаяпман. Ўтган йили кичик келиним фарзандли бўлиб, бола парвариши учун икки йиллик таътилга чиқди. “Хоҳишимга кўра, яна бир йил имтиёз асосида уйда ўтиришим мумкин экан”, дейди у ғурурланиб. Яна бир қатор қонунларни санаб, уларда ҳам хотин-қизларга берилган қўшимча имтиёзлар, енгилликлар ҳақида гапиради. Унинг гапларини эшитиб, буларнинг барчаси Мустақилликнинг шарофати, дейман кўнглим кўтарилиб.

Жамият ҳаётидаги нуфузи ортмоқда
Президентимизнинг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги нуфузини юксалтириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ташкилотчилик, тадбиркорлик, ишбилармонлик қобилиятига эга хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир. Бугун аёлларнинг сиёсат майдонида, иқтисодиёт, саноат тармоқларида, соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларида, умуман, барча жабҳада фаоллиги ортиб бораяпти. Хусусан, парламент қуйи палатаси депутатларининг 22, юқори палатаси аъзоларининг 15 фоизини аёллар ташкил этаётир. Уларнинг ижро, суд ҳокимиятлари органларидаги ўрни ҳам анча юқори. Қолаверса, ўз бизнесини йўлга қўяётган хотин-қизлар сафи тобора кенгаймоқда.  
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, аёллар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётганини кўриш мумкин. Мисол учун, 2007 йилда бу борада 90,1 млрд. сўмлик кредит йўналтирилган бўлса, 2013 йилда ушбу кўрсаткич 700 млрд. сўмга етди. Натижада минглаб хотин-қиз ўз бизнесини ташкил қилиб, оиласи, эл-юртимиз учун наф келтирмоқда.
— “Соғлом бола йили” Давлат дастурига биноан, аёл тадбиркорларга, шунингдек, ишловчиларининг камида эллик фоизини хотин-қизлар ташкил этувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрилаётир, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маруфова. — Бунинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан 449,4 млрд. сўм кредит ажратилди. Бу айни чоғда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришда қўл келмоқда. Қолаверса, яқинда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида аёл тадбиркорлар ўртасида ўтказилган “2014 йилнинг энг яхши лойиҳаси” танлови кўплаб иқтидор эгаларини кашф этди. ўолибларнинг ижтимоий аҳамиятга эга 15 та бизнес лойиҳасини амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан 410 млн. сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.
— Болалигимдан касб-ҳунар ўрганган одамнинг рўзғори доимо бут бўлишини англаб етганман, — дейди оҳангаронлик тадбиркор, “Оҳангарон Покизахон” хусусий корхонаси раҳбари Зарифахон Баҳодирова. — Оддий сават тўқиб, оила бюджетига, озми-кўпми, ўз ҳиссамизни қўшардик. Мустақиллик менга тадбиркор бўлиш имкониятини яратиб берди. Ҳозир  корхонамизда ишлаб чиқарилаётган 150 турдаги маҳсулотларимиз билан ички бозорни таъминлаб турибмиз. Мақтаниш эмас-у, ўзимизда тайёрланаётган болалар каравотларидан тортиб, уй-жой учун зарур бўладиган мебель жиҳозларини кўрган одам уларнинг хорижникидан асло кам эмаслигига амин бўлади. Оддий қишлоқ аёли сифатида эришаётган бу ютуқларимиз замирида Президентимизнинг бизларга билдираётган катта ишончи мужассам, десам, асло муболаға бўлмайди.
 
Бир қизни тарбияласанг...
Ёшларни оилага тайёрлаш, айниқса, ҳар томонлама соғлом, жисмонан етук қизларни тарбиялашда спортнинг ўрни бениҳоя катта. Шу сабабли ҳам юртимизда хотин-қизлар орасида спортни оммалаштиришга жуда катта эътибор қаратилмоқда. “Соғлом бола йили” Давлат дастури асосида қиз болаларнинг саломатлигини асраш, жисмоний тарбияга бўлган қизиқишини кучайтириш, айниқса, қишлоқ жойларда спортни оммалаштириш, аёл мураббийларни рағбатлантириш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар кўрилаяпти.
Хусусан, спорт билан мунтазам шуғулланадиган 6 — 15 ёшдаги болалар сони бир неча баробар ортди. Таққослайдиган бўлсак, 1991 йилда спорт билан шуғулланувчи қиз болалар сони 72 326 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб 842 минг нафардан зиёд қиз спортнинг ўттиздан ортиқ тури билан шуғулланмоқда.
— Болалигимдан спортнинг синхрон сузиш тури билан мунтазам шуғулланиб келаман, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, 16 ёшли Хуршида Ҳакимова. — Ютуқларим ҳақида гапирадиган бўлсам, 2010 — 2013 йилларда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатларида ғолибликни қўлга киритиб, 4 карра Ўзбекистон чемпиони деган юксак номга сазовор бўлдим. 2010 йили Малайзияда ўтказилган “Осиё ва Тинч океани” 2-очиқ чемпионатида кумуш, 2012 йили Индонезияда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида бронза медалларни қўлга киритдим. Ҳали олдинда катта мусобақалар бор. Юртбошимизнинг бизга билдирган ишончларини, албатта, оқлашга, шу юрт учун муносиб фарзанд бўлишга астойдил интиламиз.
Мухтасар айтганда, бугун Хуршида сингари кўплаб қизларимиз спорт ареналарида, халқаро фан олимпиадаларида, санъатда улкан муваффақиятларга эришаётгани барчамизни ғурурлантиради. Ўзбек аёлларининг бошқалардан асло кам эмасликларини исботлаб, салоҳиятию имкониятларини тобора кенгайтираётгани, шубҳасиз, бу борада рўёбга чиқарилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, аёлларни қанчалик улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз.


Зиёда АШУРОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn