Эркин фаолият самараси
  • 14 Июль 2014

Эркин фаолият самараси

кичик бизнес вакилларининг бугунги ютуқларида кўзга яққол ташланмоқда

Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари муҳокамасига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида алоҳида таъкидланганидек, шу қисқа муддат ичида республикамизда 7300 та кичик бизнес субъекти ташкил этилди. Бу юртимизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
Дарҳақиқат, бугунги кунда тадбиркорлик ривожи ҳақида гап кетганда, мавзу беихтиёр соҳа вакилларига берилаётган имконият ва имтиёзларга бориб тақалади. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, Президентимизнинг 2012 йил 16 июлдаги “Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  фармонларида тегишли давлат ва хўжалик органларида тадбиркорлик фаолиятига доир бир қатор тартиб-таомилларни электрон шаклда амалга ошириш, ҳисоботларни топшириш ёки лицензия олиш тартиб-қоидаларини соддалаштириш каби кўплаб вазифалар белгилаб берилган эди. Унга кўра, айни пайтда тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботларининг 95, статистика ҳисоботларининг 88,6 фоизини электрон шаклда топшираётган бўлса, божхона юк декларацияларининг 95 фоизга яқини электрон усулда расмийлаштирилмоқда.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари  тўғрисида”ги қарори соҳа вакилларини янада рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
— Тўғриси, биз, тадбиркорлар учун яратиб берилаётган имконияту шарт-шароитларнинг кўлами ва миқёси ниҳоятда кенг, — дейди Хоразм вилоятининг Янгибозор туманидаги  “Эленза” ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Йўлдош Эрназаров. — Жумладан, мазкур қарорни эмин-эркин ишлашимиз, янги марралар сари дадил қадам ташлашимизга қанот бағишловчи муҳим ҳужжат, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Бунинг самараси ўлароқ, ҳозирги кунда корхонамизда 20 киши меҳнат қилаётган бўлса, улар томонидан тайёрланаётган, тиббиёт бирлашмалари ва ўқув муассасалари учун мўлжалланган 190 турдан ортиқ мебель жиҳозлари ҳамда спорт инвентарларини Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларига ҳам етказиб бераяпмиз. Шу йилнинг ўзида турли ҳудудлардаги 5 та туман тиббиёт бирлашмаси  ва  битта ихтисослаштирилган мактабни мебелларимиз билан жиҳозладик. Ишимизнинг янада баракали ва унумли бўлишида ўтган йили  корхонамизни электр энергия билан узлуксиз таъминлаш мақсадида 60 миллион сўмлик кичик электр станция қурганимиз қўл келаяпти.
— Ўзингиз айтинг, имкониятлар етарли бўлмаган тақдирда, — дейди “Зарафшон Караван” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳриддин Болтаев, — Қизилқумдек чўл бағрида бизнинг корхонамизга ўхшаш ишлаб чиқариш субъектлари пайдо бўлармиди?! Ўз хизматларимиз билан аҳолининг оғирини енгил, узоғини яқин қила олармидик?!  Мана, ўтган йили 117 минг АҚШ доллари эвазига Германиядан келтирилган замонавий ускуналар ёрдамида ҳудуд аҳлига сифатли нон ва қандолат маҳсулотларимизни тақдим этаяпмиз. Жамоамизда меҳнат қилаётган 60 нафар ишчи-мутахассис ўз меҳнати орқали даромад топиб, юртига наф келтираётганидан мамнун.
Чиндан ҳам, Президентимиз қарори ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, бугун республикамизда ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келаётгани ана шундан далолат беради.
Мухтасар айтганда, бундай субъектлар шаклан кичик бўлишига қарамасдан, иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш муаммосини ҳал этиш ва халқимиз фаровонлигини юксалтиришда тобора катта аҳамият касб этмоқда. Уларга берилаётган имтиёз ва енгилликлар эса соҳани янада юксалтиришга хизмат қилиши муқаррардир.


Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn