Фаол ҳаётий позиция ва интилувчанлик — ёшларимизга хос фазилатлардир
  • 26 Июнь 2014

Фаол ҳаётий позиция ва интилувчанлик — ёшларимизга хос фазилатлардир

Республикамизда кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнларда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш, уларда юксак даражадаги фидокорлик, ватанпарварлик, миллий ғурурга ҳурмат руҳини қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мустақил фикрлайдиган, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга, ҳаётга янгича қарайдиган, собиқ мустабид тузумга хос тушунчалардан озод бўлиб вояга етаётган, ўз фикру қарашларига эга бўлган навқирон ёшларимиз ҳаётга ишонч билан кириб келмоқда, жамиятимизда мустаҳкам ўрин олмоқда ва мамлакатимизнинг тараққиёти йўлида ҳал қилувчи кучга айланмоқда. 

Президентимизнинг шу йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ташкил этилган ижтимоий сўров натижалари ҳам юқоридаги фикрларни яна бир бор тасдиқлади. Унда республикамиз ҳудудлари — шаҳару қишлоқларида таҳсил олаётган ва ишлаётган ёшлар қатнашди. Маълум бўлдики, таълим-тарбия ўзбекистонлик навқирон авлоднинг ҳаётий тамойиллари орасида етакчи ўринни эгаллайди. Улар ҳамиша ўзларининг интеллектуал салоҳиятини ошириб боришга интилаётгани бунга бир мисолдир. Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчиларининг мутлақ катта қисми айнан шундай фикр-ни билдирган. Респондентларнинг ҳар иккинчиси олий, ўрта ва ўрта махсус маълумотли, ҳар иккинчиси олий ўқув юрти талабасидир.

Сўров давомида ёшлар ўртасида таълим, айниқса, олий таълим олишга қизиқиш, унинг ижтимоий аҳамияти ўсиб бораётгани намоён бўлди. Масалан, 2006 ва 2011 йилги сўровларда иштирок этганларнинг учдан бир қисми ана шундай қарашга эга эканлигини айтган бўлса, 2013 йилга келиб бу кўрсаткич эллик фоизга, 2014 йилда эса 81,6 фоизга етгани диққатга сазовор.

Келажагимиз эгаларида иқтисодиёт, молия, ҳуқуқ, педагогика ва тиббиёт йўналишларини эгаллашга бўлган истак кучайиб бораётир. Ўз навбатида, муҳандислик-техник мутахассисликлари, ҳарбий иш ва ахборот технологиялари соҳасига интилиш кучайган.

Ёш фуқароларнинг катта қисми хориж тиллари, хусусан, инглиз тилини ўрганишга катта эътибор қаратмоқда. Сўровга кўра, улар мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган ишлар, жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида илғор ўқитиш услублари татбиқ этилаётганини катта фахр ва қувонч билан кутиб олишган. 

Мустақиллик йилларида навқирон авлоднинг ўзликни англаш даражаси юқорилиги уларнинг дунёқарашида яққол ўз ифодасини топаяпти. Яъни ватанпарварлик туйғусининг юқорилиги Ўзбекистон ёшларига хос хислатдир. Бу уларнинг Ватан тарихи, аждодлар меросига бўлган ҳурмати, қизиқишида ўз ифодасини топган. Шу асосда ўғил-қизларимизда мамлакат келажагига бўлган масъулият ҳисси шаклланиб бораётир. Булар сўровда яна бир бор ўз аксини топди.

Тадқиқот ёш авлодда миллий ўзликни англаш халқимизнинг маънавий хусусиятлари, урф-одат ва анъаналари, мустақиллик, бой тарихимиз, буюк аждодларимиз мероси, она тилимиз ва маданиятимиз билан уйғун маъно касб этаётганини намоён этди. Улар Президентимизнинг Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциядаги нутқини катта ғурур ҳамда қизиқиш билан кутиб олганликларини билдирдилар. Зеро, давлатимиз раҳбари нутқида буюк аждодларимизнинг маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш зарурлиги, чунки -халқимизнинг қадимий анъаналари ва маънавий қадриятлари ўсиб келаётган ёш авлодда миллий ўзликни англаш туйғусини шакллантиришда асос бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.

Сўров натижалари Ўзбекистон ёшлари ҳозирги кунда дунёда янада долзарблашиб бораётган диний экстремизм ҳодисасига қатъий салбий муносабатда эканлигини кўрсатди.

Тадқиқот асносида истиқлол йилларида ёшлар онги, хулқ-атворида боқимандалик кайфияти буткул йўқолиб, унинг ўрнини ижтимоий фаоллик, ташаббускорлик ҳамда -мустақил фикр юритиш эгаллаётгани маълум бўлди. Бу эса уларнинг ижтимоий етук шахс бўлиб камол топаётганидан далолатдир.

Аксарият ёшларнинг ижтимоий фаоллиги кучайиб бораётганини уларнинг 88,3 фоизида келажак учун ўз режаси борлиги билан ҳам изоҳлаш мумкин. Бундай ниятлар, биринчи навбатда, таълим олиш, билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, яхши мутахассис бўлиб жамиятда муносиб ўрнини топиш, мустаҳкам оила қуриш, жамият фаровонлигига нафи тегадиган инсон бўлиш билан муштаракдир.

Кўп йиллардан бери ўтказиб келинаётган бундай сўровлар динамикасида қуйидаги жиҳатлар яққол кўзга ташланаяпти. Чунончи, Ўзбекистон ёшлари қалбу шуурида қадриятлар, қизиқиш ва ижтимоий нормалар тизимида фаол ҳаётий позиция, мустақиллик, интилувчанлик, ижтимоий сафарбарлик каби янги устувор йўналишлар қарор топаётир. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ёшларга оид сиёсатнинг ёрқин самаралари сифатида ўғил-қизларимизнинг миллий ўзлигини англаши ва барқарор ижтимоий кайфиятида жилоланмоқда.

«Ижтимоий фикр» маркази 

материаллари асосида 

С. ҚОСИМЖОНОВ тайёрлади.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn