Ислоҳотлар жараёни ва ОАВ
  • 24 Июнь 2014

Ислоҳотлар жараёни ва ОАВ

Пойтахтимизда Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоат фонди томонидан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази билан ҳамкорликда семинар-тренинг ўтказилди.

“Мамлакатни янгилаш ва модернизация қилиш жараёнларини ёритишда ОАВнинг сиёсий ва иқтисодий шарҳловчилари касб маҳоратини ошириш” мавзуидаги тадбирда республикамиздаги марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари, партиялар нашрлари вакиллари, журналистика факультетлари ўқитувчилари қатнашди.
27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида ташкил этилган семинар миллий матбуот сифати ва самарадорлиги, медиа-соҳа ходимлари маҳоратини илғор стандартлар асосида янада ошириш, мамлакатимизда рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларни кенг ёритиш учун қўшимча шароитлар яратиш масалаларини муҳокама этишга қаратилди.
Маълумки, глобаллашув ва ахборот жамияти шаклланиши жараёни журналистлар, айниқса, сиёсий ва иқтисодий шарҳловчилардан кенг дунёқараш, чуқур билим, ўз устида мунтазам ишлаш ҳамда профессионализмни талаб этади. Зеро, нафақат рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ҳақидаги ахборотни йиғиш, балки уларнинг мазмун-моҳиятини аудиторияга етказиш уларнинг асосий вазифаларидандир. Бинобарин, ички ва ташқи сиёсатни ёритишнинг бош мезони ҳам мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги ролини янада кучайтириш, демократик ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллашига ҳисса қўшишдир.
Иқтисодий мавзуларни кенг оммага етказиш вазифалари муҳокамаларида эса мамлакатда барқарор ўсиш суръатлари, макроиқтисодий мувозанат, иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш, солиқ юкини пасайтириш давом этаётгани, юқори технологик ва замонавий объектлар ҳамда  саноат қувватлари ишга туширилаётгани эътироф этилди.
Семинар давомида сўзга чиққан халқаро экспертлар юртимизда ҳаётга татбиқ этилаётган туб ислоҳотлар, жумладан, ОАВни либераллаштириш ва демократлаштириш жараёнларига ижобий баҳо бериб, бу борада қабул қилинаётган қонунлар, журналистикани қўллаб-қувватловчи ташкилотлар ва фондлар фаолияти катта аҳамият касб этаётганини таъкидладилар.
Тадбирнинг интерактив шаклда уюштирилгани иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Билимлар амалий машқлар кўмагида мустаҳкамланди. Масалан, кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда, у ёки бу воқеа ҳақида таклиф этилган сценарий бўйича газета, телевидение, радиога турли жанрларда материаллар тайёрланди. Олинган хулосалар асосида матбуот анжуманларига тайёргарлик кўриш, факт ва уларнинг мазмунини муҳимлигига қараб текшириш, содир бўлган воқеани тезда қизиқарли ёритиш, интервьюни олиб бориш, репортаж ёзиш каби касбга оид масалалар таҳлил этилди. Ўз навбатида, журналист профессионал фаолиятининг одоб-ахлоқ тамойиллари билан боғлиқ жиҳатлар, муайян вазиятларда ўзини қандай тутишига оид тестлар ишланди. Сайлов жараёнларини ёритиш мавзуси ҳам фаол мулоқот, муҳокамалар асосида ўтди. Якунда барча саволларга батафсил жавоблар берилди.

 

С. МАХСУМОВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn