Замонавий уй-жойлар кўркамлиги ва қулай шарт-шароитлари билан аҳолига маъқул бўлмоқда
  • 19 Июнь 2014

Замонавий уй-жойлар кўркамлиги ва қулай шарт-шароитлари билан аҳолига маъқул бўлмоқда

Бугун юртимизнинг кўплаб туманларида меъморий жиҳатдан кўркам ва мустаҳкам, киши кўнглида ҳавас уйғотадиган уй-жой массивлари қад ростламоқда. Хусусан, ўиждувон туманидаги “Позагари” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида намунавий лойиҳалар асосида  даставвал 12 та, кейинроқ эса 19 та тураржой барпо этилди. Тўқол аҳоли пунктидаги ана шундай шинам уйларнинг бири Усмоновлар оиласига тегишлидир.

— Ўғлим Муҳсинжон оиласи билан кўрса кўзни қувонтиргудек мана бу уйда истиқомат қилаяпти, — дейди биз билан суҳбатда Муродилла Усмонов. — Бу йилги Наврўзни шу янги ҳовлида кутиб олдик. Невараларимни ёнимга олиб, мевали дарахт кўчатлари ўтқаздик. Томорқани тартибга келтириб, турли экинлар экдик. Муҳими, уй — ҳақиқатан шинам. Яшаш учун қулай. Келиним Ҳилолахон, айниқса, невараларим жуда хурсанд. Болалигимиз кечган иморат билан бу ҳовлини қиёслаганда, катта фарқ борлигини кўраман. Фарзандимнинг шундай уйи борлигидан кўнглимда шукроналик ҳиссини туяман. Уйинг бўлса, киройи шундай бўлса-да!

Чиндан ҳам, намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар нафақат ташқи кўриниши, балки қулайлиги билан ҳам кўпчиликка маъқул бўлмоқда. Маҳаллий шарт-шароитдан келиб чиқиб, пишиқ ғиштдан барпо этилган. Қишда иссиқ, ёзда эса салқин. Айвони бор. Болалар учун алоҳида хоналар мавжуд. Шу боис уй бекаларининг боши осмонда.

— Илгари шундай замонавий уй-жойда яшашни орзу қилардик, — дейди Ҳилолахон Наимова. — Ниятимизга етганимиздан нафақат биз, балки қариндош-уруғларимиз ҳам мамнун. Менга, айниқса, бу уйда овқат пишириш, чой қайнатиш каби кундалик юмушларни ташқарига чиқмай туриб бажариш учун яратилган қулайликлар ёқди. Фарзандларим  Озодбек билан Диёрбекнинг қувончини айтмайсизми?! Янги уйда улар яйраб-яшнамоқда. 

Дарвоқе, Муҳсинжон якка тартибдаги тадбиркор, Ҳилолахон эса Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ўиждувондаги касаначилик марказида ишлайди. Марказдан буюртмалар олиб, уни уйида бажаради. Янги уйга кўчиб ўтгач, иши анча енгиллашди. Касаначилик юмушларига кўпроқ вақт ажратиш имконига эга бўлди-да. Негаки, намунавий лойиҳа асосида қурилган уйда рўзғор ишларини  ортиқча ташвишларсиз бажариш имконияти бор. Қолаверса, ошхона, озиқ-овқат дўкони, дорихона каби ижтимоий соҳа ҳамда инфратузилма объектлари шундоққина массив ҳудудида жойлашган. 400 метр узоқликда умумтаълим мактаби, 1,5 километр нарида ўиждувон агросаноат касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатмоқда.

Кўриниб турибдики, ўиждувон туманида намунавий лойиҳалар асосида замонавий -тураржойлар бунёд этиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Ўтган йили Абади, Найманобод, Ҳавзак, Лабирўт, Сеталон аҳоли пунктларида жами 105 та уй-жой ўз эгаларига топширилгани, жорий йилда эса Работикунак қишлоғида 70 та уй  қурилаётгани шундан далолатдир. 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Модернизациялаш жараёни Сўлим боғ таровати »