Модернизациялаш жараёни
  • 19 Июнь 2014

Модернизациялаш жараёни

саноат корхоналарининг жадал ривожланишига хизмат қилаяпти

Юртимизда синалган, замонавий инновацияларга асосланган технологияларни жорий этиш, шу билан бирга, ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда хорижий сармоялар кенг жалб этилаяпти.

Зеро, Президентимиз 2013 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида алоҳида таъкидлаганидек, “Биз оддий бир ҳақиқатни доимо эсда тутишимиз зарур. Яъни сармоясиз тараққиёт йўқ, ишлаб чиқаришни ва умуман, мамлакатимизни модернизация қилиш, техник ва технологик янгиланишни инвестицияларсиз тасаввур этиб бўлмайди”. 

Таъкидлаш жоизки, айни шу масала ҳунармандлар ва ипакчилар шаҳри — Марғилонда -фаолият юритаётган ишлаб чиқарувчилар диққат-эътиборида турибди. Хусусан, модернизация ишлари 2013 — 2015 йилларга мўлжалланган шаҳар саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилиб, 667 та иш ўрни яратилди. Натижада иқтисодий ўсиш суръатлари бултур аввалги йилдагига нисбатан 130 фоизни ташкил этди, экспорт улуши эса прогноз кўрсаткичларида кўзда тутилганидан 45 фоиз кўпайди — 5,4 миллион долларлик маҳсулот хорижга сотилди. 

Модернизациялаш шарофати туфайли ўз фаолиятини жадал ривожлантириб бораётган корхоналардан бири “Турон Водий текс” масъулияти чекланган жамиятидир. Момиқ сочиқ ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ушбу корхона ўтган йилнинг учинчи чорагида ишга туширилган эди. Шундай бўлишига қарамай, қисқа давр ичида у мамлакатимиз енгил саноат бозорида ўз ўрнини топиб, мавқеини мустаҳкамлашга улгурди: юртимиз аҳолиси ва буюртмачиларга 257 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берилди. 

Таҳлилларнинг кўрсатишича, корхонани модернизация қилиш, замонавий техника ва технологиялар билан таъминлаш тадбирларига 800 минг АҚШ доллари сарфланган. Шундан 352 минг доллари корхонанинг ўз маблағи, қолган қисми банк кредити ҳисобидан қопланган. Шунинг эвазига энг сўнгги русумдаги сочиқ тўқиш дастгоҳлари келтирилган. Айни кунларда уларни 20 киши маҳорат билан бошқармоқда. Ишчиларнинг тўрт нафари эса бултур касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир.

— Корхонамизда модернизация ишлари ҳали-ҳануз давом эттирилаяпти, — дейди жамоа раҳбари Абдусамат Маърупов. — Гап шундаки, сочиқни тўқиш ва бўяш юмушларини ўзимизда бажариш мақсадида яна Хитойдан дастгоҳлар олиб келиш бўйича шартнома имзо-лаганмиз. Мазкур янги лойиҳани амалга ошириш учун бизга “Асака” банки томонидан 1 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилаяпти. Бу эса қўшимча 101 иш ўрни яратиш имконини беради. 

Умуман, бу йил Марғилон шаҳри корхоналарида умумий қиймати 11,7 миллион долларлик модернизация ишларини рўёбга чиқариш режалаштирилган. Шунда 907 та янги иш ўрни ташкил этилиб, корхоналарнинг йиллик қуввати 15,6 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришга етказилади. 

Набижон СОБИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn