Пиллачилик: Фидокорона меҳнатнинг салмоқли натижаси
  • 19 Июнь 2014

Пиллачилик: Фидокорона меҳнатнинг салмоқли натижаси

Мамлакатимиз пиллакорлари бугунги кунгача 26 минг тоннадан зиёд “кумуш тола” тайёрлаб, йиллик шартнома мажбуриятини ортиғи билан бажардилар.

Ипак қурти — табиатнинг мўъжизаси. Бундай дейишимизнинг боиси шундаки, у жуда қисқа вақт ичида муҳим саноат хом ашёси — марвариддек оппоқ пилла ўрайдики, унинг ҳар биридан ўртача  800-950 метр тола олиш мумкин. Эътиборли томони, бу тола ўрнини бошқаси боса олмас экан. Шу боис юртимизда тўқилган атлас, адрас, шоҳи каби миллий матоларимизнинг довруғи дунёга тарқалган. Уларга бўлган талаб эса ҳар доим юқори.  

Кейинги йилларда давлатимиз томонидан пиллачилик тармоғига қаратилаётган алоҳида эътибор, пиллакорларга яратиб берилаётган муносиб шарт-шароит туфайли маҳсулот тайёрлаш ҳажми ортиб, сифати тобора яхшиланмоқда. Шубҳасиз, бунда Президентимизнинг 2006 йил 15 ноябрдаги “Республика пиллачилик тармоғини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.

Мазкур ҳужжатда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, жорий мавсумга ҳам пухта тайёргарлик кўрилди. Энг аввало, сифатли хом ашё тайёрлаш учун ипак қурти озуқа базаси мустаҳкамланиб, пиллакорларнинг моддий манфаатдорлиги оширилди. Пилланинг харид нархи 21 фоизга оширилиб, мавсум аввалида 62,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ бўнак пули тариқасида берилгани бунинг яққол далилидир.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, бу йил мамлакатимиз бўйича 445 минг қути ипак қурти парваришланди. Ўртача ҳосилдорлик 58 килограммни ташкил этиб, ялпи ҳосилнинг асосий қисми — 90 фоиздан ортиғи юқори навларга қабул қилинди.

“Кумуш тола”нинг юксак хирмонига, айниқса, Сурхондарё, Фарғона, Бухоро, Наманган, Қашқадарё, Навоий ва Андижон вилоятлари пиллакорлари муносиб ҳисса қўшдилар. Бешариқ, Шўрчи, Вобкент, Касби, Каттақўрғон, Ургут, Қизилтепа, Амударё туманларида ўртача ҳосилдорлик 

60-68 килограммни ташкил қилган бўлса, кўплаб илғор фермер хўжаликларида бу кўрсаткич бундан ҳам ошди. Масалан, Кегейли туманидаги “Қарабас овул” фермер хўжалигида ҳар қути ипак қуртидан 75 килограмм, Касби туманидаги “Маҳманазаров Азим”, Уйчи туманидаги “Тола”, Пайариқ туманидаги “Қаҳрамон” фермер хўжаликларида 80 килограмм-дан зиёд сифатли ҳосил олинди.    

Соҳа мутахассисларининг айтишича, бундай юқори натижага эришишда маҳсулдор ипак қуртининг зотлари парваришлангани, тармоққа замонавий технологиялар жорий қилингани, шунингдек, тут барги танқислиги сезилмагани муҳим омил бўлди. Мисол учун, Фарғона водийси вилоятларида бу йил ипак қурти интенсив технология асосида, яъни плёнка остида парваришланди. Ушбу усулнинг афзаллиги шундаки, пиллахонада махсус шароит яратиш орқали пилла етиштириш муддати тезлаштирилди. Бунда вақт, ишчи кучи, озуқа сарфи икки баробар қисқарди. Пилла сифати, ҳосилдорлиги ортди. Чунки интенсив усул ипак қуртини касалликлардан муваффақиятли консервация қилиш имконини ҳам берди.

Айтиш жоизки, мавсумда “Ўзпахтасаноат” уюшмаси тизимидаги 196 та пахта қабул қилиш пунктида ташкил қилинган қуртхоналарда ҳам сифатли пилла етиштирилдики, бу, ўз навбатида, республикамизнинг пиллачилик билан шуғулланаётган 45 мингдан зиёд фермер хўжаликларига катта мадад бўлди, албатта.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан пиллачилик тармоғида изчил олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади ипак қуртининг янги зот ва дурагайларини яратиш, сифатли ва саноатбоп пилла етиштириш, уни халқаро стандартлар даражасида қайта ишлаш ҳамда замонавий бозор тамойиллари асосида сотиш борасида юксак натижаларни қўлга киритишдан иборат. Ана шу талаб асосида амалга оширилаётган ишлар тез орада ўзининг юксак самараларини бериши, ўзбек пиллачилиги ва ипакчилигининг довруғини олам узра янада кенгроқ ёйишга хизмат қилиши, шубҳасиз. 

Саид РАҲМОНОВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn