Инвестициявий лойиҳа ижросига киришилди
  • 13 Июнь 2014

Инвестициявий лойиҳа ижросига киришилди

Бугунги кунда “Ангрен — Поп” йўналишида электрлаштирилган янги темир йўл ва туннель қурилиши бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компаниясидан маълум қилишларича, бу жараёнда тизимга қарашли лойиҳа институти,  қурилиш ва монтаж ишларини олиб борувчи пудратчи ташкилотлар ҳам фаол иштирок этаяпти.

Гап шундаки, “Ангрен — Поп” темир йўл линияси қурилишида тортувчи кучга эга нимстанциясини ташқи электр энергияси билан таъминлаш” инвестициявий лойиҳаси доирасида компания томонидан узунлиги 50 километрдан зиёд икки занжирли 110 кВ.ли ҳаво линияси ҳамда узунлиги 6 километрлик 220 кВ.ли ҳаво линиясини лойиҳалаш ва қуриш, шунингдек, мавжуд нимстанциялар ва очиқ тақсимловчи ускуналарни қайта таъмирлаш ишларига киришилган. 

Мутахассисларнинг айтишича, қурилишга зарур ускуна ва материалларни харид қилиш учун мавжуд ҳужжатлар асосида халқаро молия институтлари, хусусан, жаҳон банки маблағлари ҳам жалб этилади. Шунинг ҳисобидан 3 та тортувчи кучга эга нимстанция бунёд этилиши белгиланган. Ушбу муҳим объектларнинг ўз вақтида ишга туширилиши туфайли техноген шароит сезиларли даражада яхшиланиб, тоғли ҳудудларда темир йўл поездларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга эришилади.  

Компания мутахассислари томонидан қурилиш ишлари амалга ошириладиган ҳудудларда яшовчи аҳолига экологик хавфсизлик  ҳақида тушунтиришлар ҳам берилмоқда. 

Президентимизнинг 2013 йил 18 июндаги “Ангрен — Поп” электрлаштирилган темир йўл линияси  қурилишини ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ рўёбга чиқарилаётган мазкур йирик лойиҳа мамлакатимиз транспорт-коммуникацияси соҳасида улкан стратегик аҳамиятга эга.

“Қамчиқ” довони орқали ўтадиган бу йўлнинг узунлиги 129 километрни ташкил этиши, 19 километрлик ноёб темир йўл туннели бунёд этилиши ана шундан далолатдир.

2016 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланаётган янги темир йўл Ўзбекистонимизнинг марказий қисмини Фарғона водийси вилоятлари билан ишончли боғлаш, пировардида республикамиз ҳудудида ягона темир йўл транспорт тизимини шакллантириш имконини беради. Айни пайтда у Европа қитъасини Осиё билан боғлайдиган трансмиллий транспорт йўлагининг муҳим бўғини вазифасини ўтайди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn