«Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз»
  • 13 Июнь 2014

«Ўзбекистон тажрибасини ўрганиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз»

Президентимиз Ислом Каримовнинг Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқи чет эллик мутахассислар ва экспертларда катта қизиқиш уйғотди.

Сиддарт САКСЕНА, Марказий Осиё бўйича Кембриж форуми раиси (Буюк Британия):

— Халқаро конференция мамлакатингиз озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳолини экологик тоза табиий маҳсулотлар билан таъминлаш масалаларида манфаатдор алоқаларни йўлга қўйишга тайёр эканлигини кўрсатди. Давлатингиз раҳбарининг нутқи эса мазкур тадбирга алоҳида кўтаринкилик ва ўзгача мазмун бахш этди. Нега деганда, Тошкент форуми асносида агросаноат комплексини такомиллаштириш бўйича дастурлар самарали рўёбга чиқарилаётгани билан танишиш имконига эга бўлдик. Бу Ўзбекистон билан бошқа давлатлар ўртасида ҳар томонлама фойдали алоқаларни янада ривожлантириш учун яна бир муҳим омил бўлди.

Заур ГАСАНОВ, Озарбайжон давлат аграр университетининг Боғдорчилик кафедраси мудири, профессор: 

— Аввало, халқаро конференция мавзуининг ўта долзарблигини ҳамда у юқори савияда ташкил этилганини таъкидлашни истар эдим. Унинг дастури ранг-баранглиги билан барча иштирокчилар учун жуда фойдали бўлдики, бу Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб олиш имконини берди.

Мева-сабзавот етиштираётган фермер хўжаликлари, хом ашёни чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган замонавий корхоналарда яратилган шарт-шароитлар, бозорлардаги тўкинлик ва арзончиликка, айниқса, ҳавасимиз келди. Бу юртингизда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатини ривожлантириш борасида тўғри йўл танлангани самарасидир, албатта.

Президент Ислом Каримовнинг нутқи ҳам менда катта таассурот қолдирди. Унда алоҳида таъкидланганидек, мамлакатингизда шаклланган кўп асрлик анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти азалдан маҳаллий ўғитлардан фойдаланишни кўзда тутадиган биологик деҳқончилик принципларига асослангани, генларни модификация қилиш технологияларини қўлламасдан, жуда мазали таъмга ҳамда истеъмол хусусиятларига эга бўлган экологик тоза мева-сабзавотлар етиштирилаётгани эътиборга моликдир. Мен шу соҳанинг вакили сифатида соҳада олиб борилаётган бундай ижобий ишларни фақат қўллаб-қувватлайман. Бу борадаги ютуқларни ўрганиш, хусусан, илмий йўналишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдормиз. 

Май НГУЕН, Халқаро молия корпорациясининг Европа ва Марказий Осиё молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш бўйича маслаҳат дастурлари раҳбари: 

— Ўзбекистонга учинчи бор келишим. Шу боис мамлакатингиз иқтисодиётида кузатилаётган ижобий ўзгаришлар, қўлга киритилаётган ютуқлардан яхши хабардорман. Аммо бу сафарги ташрифимдан жуда катта таассурот билан қайтаяпман. Чунки Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, бу заминда етиштирилаётган ноз-неъматлар ҳақида кўп эшитган бўлсам-да, конференция доирасида буни ўз кўзим билан кўриш имкониятига эга бўлдим. 

Президент Ислом Каримовнинг нутқида айтилганидек, мамлакатингизда қишлоқ хўжалигига йўналтирилаётган маблағлар ҳажми йил сайин кўпайиб бормоқда. Фермер хўжаликларига имтиёзли фоизларда кредитлар берилаётгани, уларга банк хизматлари кўрсатишни янада кенгайтириш учун қишлоқ жойларда 1,5 мингдан зиёд минибанк фаолияти йўлга қўйилгани эса соҳанинг янада гуллаб-яшнаши учун катта имкониятдир.

Йонг Джо ЛИ, Кюнхи университетининг Пан-Пасифик халқаро тадқиқотлар олий мактаби профессори (Корея Республикаси): 

— Кейинги йилларда глобал молиявий-иқтисодий инқирознинг жаҳон иқтисодиётига кўрсатаётган салбий таъсирига қарамасдан, Ўзбекистон барқарор ривожланаётгани халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилаяпти. 

Конференция дастурига кўра, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида фаолият юритаётган корхоналар, хусусан, “Gold Dried Fruits” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрдик. Бу ерда ўрнатилган энг сўнгги русумдаги мева-сабзавотларни қуритиш линияларини кўриб, тўғриси, қойил қолдим. Юртингизда озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга қаратилган эътибор ўйлаганимиздан ҳам зиёда экан. Соҳанинг жадал суръатларда ривожланиб, маҳсулот тайёрлаш ҳажми ошиб бораётгани омили, менингча, шундан иборат. Корхонада тайёрланаётган маҳсулотларнинг 90 фоизи АҚШ, Германия сингари дунёнинг ўнга яқин мамлакатларига экспорт қилинаётгани эса, чиндан ҳам, диққатга сазовор.

«Халқ сўзи» мухбирлари

Саид РАҲМОНОВ,

Саиджон МАХСУМОВ ёзиб олди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn