Соғлом авлод — юрт келажаги
  • 13 Июнь 2014

Соғлом авлод — юрт келажаги

Президентимиз раҳнамолигида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, жисмонан бақувват, маънавий етук фарзандларни камол топтиришга қаратилаётган юксак эътибор самараси соғлом турмуш кўрсаткичлари тобора ўсаётганида, “Соғлом она — соғлом бола” мақсадли вазифасининг изчиллик билан амалга оширилаётганида, тиббий хизмат сифати юксалиб бораётганида яққол ифодасини топаяпти.

Бинобарин, давлатимиз раҳбарининг 2009 йил 13 апрелда қабул қилинган “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда. Соғлом бола йилида айни йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгайиб, жадал суръатда давом эттирилаётганига бугун кенг жамоатчилик гувоҳ.

Тошкент шаҳридаги болалар маслаҳат-диагностика маркази — замонавий тиббий муассасалардан бири. Бу ерда чақалоқлардан тортиб, 15 ёшгача бўлган болаларга юқори малакали маслаҳат-ташхис ва даволаш хизматлари кўрсатилади. Таъкидлаш жоизки, марказга қатновлар сони кунига қарийб мингтани ташкил этмоқда. 

Клиник-биохимик, бактериологик, рентгенологик, функционал диагностика ва генетик текширувларни сифатли амалга ошириш имконияти яратилган марказда педиатр, невролог, пульмонолог, гастроэнтеролог, аллерголог, эндокринолог, кардиоревматолог, жарроҳ, ортопед каби йигирмага яқин ихтисосликлар бўйича олий тоифали врачлар фаолият кўрсатишмоқда. Марказнинг саксонга яқин тиббий ходимлари фарзанди дардига дармон истаб, умид билан келган ота-оналарнинг ишончини оқлашга, сифатли, кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатишга астойдил ҳаракат қилаётир.

— Тиббий муассасамизда функционал диагностика ва даволаш бўлимлари мавжуд бўлиб, юрак-қон томир, марказий ва переферик асаб тизимлари ҳамда юқори нафас йўллари касалликларини аниқлашда, ультратовуш текширувларни ўтказишда энг замонавий тиббий ускуналардан фойдаланилмоқда, — дейди Тошкент шаҳар болалар маслаҳат-диагностика маркази бош шифокори Яйра Ҳакимова. — Шунингдек, клиник-диагностик, генетик, микробиологик лабораториялар ҳам ташкил этилган ва бу ташхис ишларини кенг доирада, сифатли амалга ошириш имконини бермоқда.

Моддий-техник базаси мустаҳкамланиб бораётган мазкур тиббий марказга  салоҳиятли ва тажрибали мутахассислар жалб қилинган. Уларнинг тиббий хулосаси асосида даволаниб, саломатлиги тикланган болажонлар шу қадар кўпки, ўғил-қизларимиз тимсолида юртимизда ёш авлодга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг, чексиз ғамхўрликнинг самараларини кўрамиз.

— Бундан ўн йилча олдин ушбу тиббий марказга ҳали ёшига етмаган тўнғич қизимни шифокор назоратидан ўтказиш учун олиб келгандим, — дейди Чилонзор туманидан Муҳайё Баҳриддинова. — Ўшанда бу ердаги врачларнинг ўз ишига масъулият билан ёндашуви, ташхисни пухта ва аниқ қўйиши жуда маъқул бўлганди. Орадан шунча вақт ўтиб, марказга яна келдим. Оилавий поликлиникамиздан берилган йўлланма асосида олти ёшдаги қизимни тўлиқ тиббий текширувдан ўтказаяпман. Марказдаги шарт-шароитлар янада яхшиланиб, замонавий тиббий техникалар келтирилибди. Шифокорларнинг ҳар бир саволимга эринмасдан, батафсил жавоб бериши, ширинсуханлиги, ўз вазифасини сидқидилдан ва малакали бажариши умид билан келган кишига улкан ишонч бахш этади. 

Зеро, жондан азиз дилбандимизнинг саломатлиги, албатта, ҳар недан устун. Унинг гўзал чеҳраси, бахтиёр кулгисида ҳаловатимиз, қувончимиз, саодатимиз акс этади.

Фарида МАҲКАМОВА, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn