Соҳада халқаро ҳамкорлик кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Юртимизда фаолият юритаётган нашриёт ва матбаа корхоналари ўз маҳсулотлари билан жаҳоннинг турли давлатларида ўтказилаётган нуфузли танлов ҳамда форумларда муваффақиятли иштирок этиб қайтмоқда.
2018 йил 14-15 март кунлари Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “А2 Digital” масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда ташкил қилинаётган “Инновацион технологияларнинг янги қирралари” шиори остидаги I Халқаро матбаа форуми соҳада халқаро алоқаларни янада кенгайтириш, кадрлар салоҳияти ҳамда малакасини юксалтириш, матбаа маҳсулотларини ишлаб чиқаришда инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш, уларнинг хориж бозорларига чиқиши ва рақобатдошлигини оширишда қулай имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир.
Унда Америка Қўшма Штатлари, Россия, Германия, Исроил, шунингдек, Марказий Осиё давлатларидан йирик матбаа корхоналарининг вакиллари қатнашади.
Форум доирасида Ўзбекистонда матбаачилик соҳасига татбиқ этилган инновацион технологиялар ҳамда эришилган натижалар, соҳанинг истиқболдаги ривожланиш тенденциялари хусусида назарий ва амалий мулоқотлар, тақдимотлар, учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
“Инновацион технологияларнинг янги қирралари” I Халқаро матбаа форумида иштирок этиш истагида бўлганлар www.ipforum.uz манзили орқали рўйхатдан ўтишлари, шунингдек, мазкур форум билан боғлиқ барча маълумотга эга бўлишлари мумкин.
Дилшод КАРИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.