Суд Аҳмадбойни 13 йилга озодликдан маҳрум этди
Суд Аҳмадбойни 13 йилга озодликдан маҳрум этди Фото: Динара Чиркова /"Халқ сўзи"/
  • 21 Февраль 2018

Суд Аҳмадбойни 13 йилга озодликдан маҳрум этди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир нечта моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган судланувчи Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқа шахсларга нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди.

Жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди судьяси Дилшод Комилов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари Қобил Отахонов ва Собиржон Йўлдошевдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.
Жиноят кодексининг қатор моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбланаётган А. Турсунбоев, О. Қўчқоров, И. Иброҳимов, М. Турсунбоев, О. Турсунбоев, А. Турдиев ва Р. Исмоиловга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.

Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчиларни фирибгарлик, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш, фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш, пора беришга қасд қилиш ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш жиноятларини содир этишда айбдор, деб топди.

Судланувчиларга нисбатан жазо чораларини белгилашда суд Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва жиноят қонунчилигида белгиланган инсонпарварлик ҳамда адолат тамойилларига ҳам асосланди. Хусусан, уларнинг чин кўнгилдан пушаймон эканлиги ва жиноий қилмишларни фош этишда фаол ёрдам берганликлари инобатга олинди.
Шундай қилиб, суд А. Турсунбоевга бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 13 йил озодликдан маҳрум этиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Ўз навбатида, О. Қўчқоров, И. Иброҳимов ва М. Турсунбоев 11, О. Турсунбоев ва А. Турдиев 7, Р. Исмоилов 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Шунингдек, уларга бир йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳолда, тегишинча жарима жазолари тайинланди.
Суд томонидан юқорида кўзда тутилган жиноятлар туфайли етказилган моддий зарарни қоплаш масаласи бошқа жиноят ишларининг ҳам тергов натижаларига қараб ҳал этилиши кўрсатиб ўтилди.
Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.


 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn