Янги темир йўлнинг аниқ харитаси қачон тайёр бўлади?
  • 09 Февраль 2018

Янги темир йўлнинг аниқ харитаси қачон тайёр бўлади?

 

Шу кунларда “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси устидаги ишлар изчил давом эттирилаяпти. Жумладан, хитойлик мутахассислар дала ва камерал тадқиқотлар давомида олинган материалларни ўрганаяпти, дейилади “Tazabek.kg” ахборот манбаси хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарлари учрашувлари чоғида эришилган келишувлар доирасидаги мазкур лойиҳани ҳаётга изчил татбиқ этиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган. Унинг таркибига ҳар уч мамлакатдан масъул бўлган вазирлик ва ташкилот вакиллари, экспертлар киритилди.  Ўтган йил ноябрь ва декабрь ойларида пойтахтимиз мезбонлик қилган учтомонлама учрашувларда ана шу лойиҳа бўйича дастлабки муҳокамалар бўлиб ўтганди. 

Жорий йил апрель ойида эса Пекин шаҳрида ушбу ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлиси ташкил этилади. Унда барча техник масалаларга ечим топилиб, мамлакатларимизни боғлаб турувчи темир йўлнинг аниқ маршрути тайёр бўлади. Август ойида эса лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари, йил охиригача эса барча молиявий масалалар ҳал этилади.  

Умуман олганда, янги темир йўл товарларни Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали Шарқий Европа ҳамда Яқин Шарққа етказиш имконини беради. Бу нафақат Хитой юкларини Европа Иттифоқига ташиш бўйича энг қисқа йўл, балки минтақа темир йўл салоҳиятини юксалтириш имконияти ҳамдир.

Зеро, лойиҳанинг дастлабки параметрларига кўра, Шарқий Осиё билан Яқин Шарқ ҳамда Жанубий Европани боғлаб турувчи йўл 900 километрга, юк ташиш муддати эса 7-8 суткагача қисқаради.

Бундай бунёдкорлик Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистонда ҳам транспорт инфратузилмалари тараққиётини таъминлайди, уларга Форс кўрфази портлари ва Тинч океанига қулай чиқиш имконини беради, минтақа мамлакатларидаги табиий ресурсларни ўзлаштириш ва оқилона фойдаланишга туртки беради.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn