Ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди
  • 27 Январь 2018

Ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди

Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, Сенат девони ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва амалий саъй-ҳаракатлари натижасида жамиятимизда ўтганлар руҳини шод этиш, айниқса, буюк хизматлари билан мамлакатимиз тарихи ҳамда халқимиз қалбидан чуқур жой олган шахсларнинг хотирасини абадийлаштириш ишларига мутлақо янгича тарзда ёндашилмоқда.

Айни пайтда жамиятда ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва барқарорликни таъминлашда беқиёс аҳамият касб этувчи хайрли ишларнинг мантиқий давоми сифатида мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ҳамда ардоқли фарзанди Ислом Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ҳамда синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди. У ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди. Нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида катта ҳурмат ҳамда обрў-эътиборга сазовор бўлган улкан шахс ва арбоб сифатида танилди.

Биринчи Президентимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилди, пойтахтимиз ҳамда бошқа ҳудудлардаги марказий кўчалар, муассасалар ва жоме масжидига, шунингдек, Тошкент давлат техника университетига, Асака шаҳридаги автомобиль заводига, Фарғона шаҳридаги Санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига Ислом Каримов номи берилди. Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда ёдгорлик мажмуаси барпо қилинди, Тошкент, Самарқанд шаҳарларида у кишининг маҳобатли ҳайкаллари қад ростлади. Биринчи Президентимиз кўп йиллар давомида фаолият олиб борган пойтахтимиздаги Оқсарой қароргоҳида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, Самарқанд шаҳрида Ислом Каримов музейи ташкил этилди.

Тадбирда Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Биринчи Президентимизнинг ҳаёт йўли, мамлакатимиз тақдирига дахлдор буюк ишлари ҳақида маърузалар тингланди.

Қобил ХИДИРОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn