Тутунга яширинган хатар
  • 03 Июнь 2014

Тутунга яширинган хатар

ХХI асрда инсоният бир қатор муаммоларга дуч келди. Биргина глобал исиш турли табиий офатларни келтириб чиқараётгани боис минглаб одамлар ҳаёти хавф остида қолмоқда. Мана шундай вазиятда инсон нафақат ўзини ўзи, балки табиатни ҳам асраб-авайлаши ниҳоятда зарурдир. Аммо таассуфлар бўлсинки, бундай эзгулик ўрнига иллатларга ружу қўйиш авж олаётир. Шундай иллатлардан бири чекишдир.

Чекишга муккасидан кетиш оқибатида одамзод ўз умрини хазон қилаяпти, шу билан бирга, наслини ҳам хавф-хатарга қўймоқда.
Бир қарашда оддий ҳолдай кўринган чекиш миллионлаб одамларнинг бошига етаётганини оддий назар билан илғаш қийин. Статистика маълумотларида келтирилишича, Ер юзида ҳар йили уч миллиондан ортиқ киши чекишга ружу қўйиши оқибатида ҳаётдан эрта кўз юмаркан. Бу кўрсаткич 2030 йилга бориб 8 миллионга етиши тахмин қилинаётир. Шу боис айни пайтга келиб Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кашандаликка қарши кенг курашмоқда. Бунга дунёнинг йирик ташкилотлари ҳам аралашаётганига эътибор қаратсак, муаммонинг нақадар долзарблиги ойдинлашади. Масалан, 1999 йил 24 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси бир овоздан тамаки чекадиганларни назоратга олиш Конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича резолюция қабул қилди.
Мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оилаларда тиббий маданиятни ошириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи асосида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётир. “Соғлом бола йили” Давлат дастури асосида ушбу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгаймоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 5 октябрда қабул қилинган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонунига асосан, йигирма ёшга тўлмаган фуқароларга шундай маҳсулотларни сотиш тақиқланган. Бундан кўзланган мақсад ўсиб келаётган ёш авлодни зарарли иллатлар таъсиридан асраш, саломатлигини муҳофаза қилиш, ёшлар онгига соғлом турмуш тарзи тушунчаларини чуқур сингдиришдир.
Тамаки нафақат чекадиганлар, балки чекмайдиганларга ҳам зарар етказади. Яъни ундан ажралиб чиқадиган тутун саратон, юрак, ўпка касалликлари келиб чиқишига замин яратади. Ташвишли жиҳати, тутун болаларда ўткир респиратор касалликларини келтириб чиқаради ва бунинг оқибатида мурғак чақалоқларда сурункали касалликлар ёки тўсатдан ўлим оқибатлари кузатилиши мумкин. ЖССТнинг маълумотига кўра, дунёдаги 700 миллион бола тамаки тутунидан заҳарланган ва бугун улар бу иллатдан азият чекмоқда.
Кашандалик оқибатида қайд этиладиган ўлим миқдори бошқа гиёҳвандлик моддаларига нисбатан ўн уч баравар кўплиги ҳам унинг инсон организми учун нақадар хавфли эканлигидан далолат беради. Негаки, сигарет тутуни таркибида соғлиқ учун зарарли жуда кўп моддалар мавжуд. Булар орасидаги сианли бирикма кучли заҳар ҳисоблангани учун, асосан, ҳашаротларга қарши курашда кенг қўлланилади. Унинг асосини ташкил қилувчи никотиннинг 100-120 миллиграмми томир орқали танага юборилса, одам шу ондаёқ ҳалок бўлиши муқаррар. Шунча миқдордаги никотин эса, бор-йўғи, икки қути сигарета таркибида мавжуд.
2014 йил Президентимиз томонидан “Соғлом бола йили” деб номланди. Бунинг замирида ҳам келажак авлодни маънан баркамол, жисмонан соғлом этиб тарбиялашдек улуғвор мақсад мужассам. Зеро, ҳар бир киши ўз фарзандининг соғ-саломат, иллатлардан холи бўлиб вояга етишини истайди. Соғлом фарзанд эса соғлом ота-онадан туғилади. Шундай экан, ота-онанинг соғлом турмуш тарзига бирдек риоя қилишига кўп нарса боғлиқ.
Аммо минг таассуфлар бўлсинки, кейинги пайтларда аёллар орасида ҳам очиқчасига тамаки маҳсулотларига ружу қўйиш кузатилмоқда. Тамaки тутуни тaркибидa ўсмa (саратон) кaсaллигини юзaгa кeлтирувчи 50 дaн oртиқ кaнцeрoгeн мoддaлaр бoр. Никoтин жудa oсoнлик билaн плaцeнтдaн ўтaди вa шунинг oқибaтидa ҳoмилaдaги никoтин фoизи oнaнинг қoнидaги никoтиндaн aнчa юқори бўлади. Сигaрeта, пaпирoс, трубкa ёки сигaрa чeкaётгaн вaқтдa жудa кўп, никoтиндaн ҳaм зарарлирoқ бирикмaлaр — угар гaзи, бeнзопирeн ҳамда рaдиoактив мoддaлaр нaфaс йўллaригa ўтади. Уларнинг бир қисми oнa вa ҳoмилa oргaнизмидa пaйдo бўлaди. Натижада oнaнинг қoн aйлaниш тизимидa сиқилиш ҳoсил бўлaди, ҳoмилa кислoрoд тaнқислигигa учрaб, унинг ривoжлaниши сeкинлaшaди.
Бунинг таъсирида чeкувчи oнaлaрдaн туғилгaн бoлaлaр кўпинча кaмвaзнли бўлиб, ҳaётгa мoслaшиши қийинроқ кечади. Уларнинг мaркaзий асаб тизимидa нуқсонлaр бўлади, тез-тез касалликка чалинувчанлиги билан ҳам aжрaлиб турaди. Олимлaрнинг таъкидлашича, oнaнинг чeкиши ҳoмилa ривoжлaнишини икки маротаба қисқартиради.
Халқимизда “Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал”, деган нақл бор. Шундай экан, ҳар биримиз соғлом турмуш тарзига риоя этсак, ўзимизнинг юриш-туришимизни назорат қилсак, айни муддао бўлур эди.

Қутбиддин НИЗОМОВ,
олий тоифали шифокор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ёзги оромгоҳлар «Касбим — фахрим» »