Ўзгаришларни ҳаётимиз мисолида ҳис қилаяпмиз
  • 17 Январь 2018

Ўзгаришларни ҳаётимиз мисолида ҳис қилаяпмиз

Чекка қишлоқда яшаймиз. Илгари янгиликларни, хабарларни кеч эшитардик. Ҳозир эса ҳар лаҳзада бир ўзгариш, бир янгиланиш.

Нима гап экан, десак, Президентимизнинг ҳаётий ислоҳотлари туфайли эзгу ташаббус бошланаётган бўлади. Биргина тиббиёт тизимини олайлик. Саломатлик бебаҳо неъмат экан, демак, бу йўналишдаги чора-тадбирлар ҳеч биримизни бефарқ қолдирмайди.

Масалан, биз каби одамларни сифатли ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш, оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдам хизматини яхшилашга қаратилган ишлардан жуда миннатдормиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлган ҳар бир учрашувларида тизимдаги мавжуд муаммолар хусусида очиқ-ойдин фикрлашиб, тиббиёт ходимлари ва ушбу соҳа вакилларининг олдига аниқ вазифаларни қўймоқдалар.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш қулайлиги ҳамда сифатини ошириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало, унинг дастлабки бўғини — аҳолига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ислоҳ қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.

Юртимизнинг барча ҳудудида бўлаётгани каби бизнинг Сурхондарё вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳам таъмирланиб, жаҳон андозаларига мос замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозланмоқда. Марказда бир қанча янги бўлимлар очилди. Шунингдек, тиббиёт маркази таркибидаги дорихоналарда инсон саломатлигини тиклаш учун зарур дори-дармонлар анча арзонлаштирилганини қувонч билан тилга олиш жоиз.

Ҳозирги кунда марказнинг даволаш профилактика тизимида абдоминал хирургия, нейрохирургия, кардиоревматология, урология, нефрология-гемодиализ, гастроэнтерология, физиотерапия каби 16 та клиник бўлим мавжуд. Уларда малакали шифокорлар халқ хизматига шай. Улар одамлардаги касалликларни тезда аниқлаб, даволашга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бу ерда имтиёзга эга бўлган беморларга бепул хизмат кўрсатилаяпти.

Ҳаётимизда бўлаётган бундай ўзгаришлар руҳимизни кўтариб, эртанги кунга ишончимизни янада мустаҳкамламоқда.

Тўра РАЗЗОҚОВ,

 

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Ачамайли маҳалласи фаоли, меҳнат фахрийси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn