Инсонпарварлик ва бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси
  • 08 Декабрь 2017

Инсонпарварлик ва бағрикенгликнинг ёрқин ифодаси

Асосий Қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган инсонпарварлик, бағрикенглик тамойиллари ҳаётимизда яққол ифодасини топмоқда. Буни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида”ги Фармони мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, кечиримлилик ҳамда адашганга тўғри йўл кўрсатиш, йиқилганни суяш халқимизга хос эзгу фазилатлардан ҳисобланади.

Ушбу ҳужжат билан мамлакатимиз тарихида биринчи маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир қилган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахслар авф қилинди.

Ана шулардан бири З. Жўрабоевдир. Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги “Сатанг” маҳалла фуқаролар йиғинида туғилган бу фуқаро 2014 йил 30 августда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди ҳукми билан етти йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Зарафшон шаҳридаги жазони ижро этиш муассасасида 3 йил 8 ой жазони ўтади.

Президентимиз Фармони эълон қилингани унга чексиз қувонч бахш этди.

— Шу топда мендан бахтли одам йўқ, — дейди у. — Оилам, яқинларим бағрига қайтишдан ортиқ саодат борми?! Бунинг учун Юртбошимиздан беҳад миннатдорман. Жазони ижро этиш муассасасида қилмишларимни ўйлаб, сидқидилдан пушаймон бўлдим. Отам-онамнинг юзини ерга қаратганим, менга таълим бериб, ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказган Ватанимга, халқимга нисбатан ғаразли қарашларим нотўғри эканлиги, динни ниқоб қилиб олган бир гуруҳ кимсаларнинг қутқусига учиб, алданганимни тушуниб, изтироб чекдим. Ватан тараққиёти йўлида бор куч-ғайратимни сарфлашга аҳд қилдим.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг шу йил 29 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Яъни ишчи гуруҳлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда ҳар бир маҳкум шахси синчиклаб ўрганиб чиқилди. Ушбу -жараёнда жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, етказилган зарар қоплангани, маҳкумнинг ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ва бошқаларга алоҳида эътибор қаратилди. Мана шу саъй-ҳаракатлар туфайли юртимиздаги қанчадан-қанча хонадонлар шодликка, хурсандчиликка тўлиши, шикаста қалблар бутун бўлиши, айниқса, қувонарлидир.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ватан ичра сайр Эътироф фидойиликка ундайди »