Жиноятнинг сабабларидан бири – қилаётган ишининг гуноҳ эканини билмасликдир
  • 01 Декабрь 2017

Жиноятнинг сабабларидан бири – қилаётган ишининг гуноҳ эканини билмасликдир

2017 йил 15 ноябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.

Мажлисда кўплаб масалалар қатори қўни-қўшни, қайнона-келин муносабатлари, ўқувчи-ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар аниқ факт ва мисоллар асосида таҳлил қилиниб, уларни бартараф этишда ҳар биримиз, жумладан, диний идора ходимлари, имом-хатиблар ҳам фаол бўлиши айтилган эди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бўлиб ўтган йиғилишда имом-хатиблар жойлардаги чиқишларида, кенг аҳоли қатлами билан учрашувларида жиноят содир этиш оғир гуноҳ экани, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бундай хатти-ҳаракатлар қаттиқ қоралангани жонли мисоллар орқали таъсирчан қилиб, тушунтириш олиб боришлари зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Жиноятнинг сабабларидан бири – қилаётган ишининг гуноҳ эканини билмасликдир. Аввало, ана шу жаҳолатга қарши курашиш керак. Негаки, бир ишнинг гуноҳ эканини билган одам, албатта, мулоҳаза юритади, ундан қайтади. Бинобарин, жиноятнинг катта-кичиги бўлмаганидек, уларнинг барчаси одамийликка, динимизга хилофдир. Одам ўлдириш, ўғрилик, фирибгарлик, товламачилик – буларнинг барчаси инсон ҳаёти учун зарар эканини тушунтиш диний соҳа ходимлари ва зиёлилар зиммасидаги муҳим вазифалиги алоҳида қайд этилди.

Одамларни ёмонликдан тил воситаси ёрдамида қайтариш айнан уламоларнинг, имом-хатибларнинг, зиёлиларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вазифасидир, бу ҳар бир имкони бор шахс учун бурчдир. Агар киши ёмон ишни қўли билан қайтара олмаса, уни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш йўли билан амалга оширади, гуноҳ ишнинг оқибатини баён қилади, уни зинҳор қилмасликка чақиради.

Йиғилишда шу йил 30 октябрь – 9 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати бўйича Давлат маслаҳатчиси бошчилигидаги делегация Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Астрахань ва Новосибирск шаҳарларидаги меҳнат мигрантлари билан учрашувлари тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар берилди. Ушбу сафар давомида меҳнат мигрантларининг яшаш ва ишлаш шароитлари билан яқиндан танишилгани, ётоқхоналарда якка тартибдаги суҳбатлар уюштирилгани ва меҳнат мигрантларининг ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилгани тўғрисида сўз борди. 

Ёш авлод тарбияси доимо энг долзарб ва жуда машаққатли бўлиб келган. Алломаларимиз жамиятнинг ривожи ва тинчлиги ҳам ёшлар тарбиясига боғлиқ эканини кўп айтишган. Президентимиз бу борада шундай деганлар: “Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда”.

Йиғилишда чет элларда юрган ўзбекистонлик йигит-қизлар ҳам ўзимизнинг фарзандларимиз экани, агар уларнинг тарбияси билан вақтида шуғулланилмаса, бефарқ бўлинса, бошқалар фарзандларимизни алдаб, тузоғига илинтириб, жувонмарг қилиши мумкинлигидан огоҳ этилди. 

Шунингдек, бугунги тезкор ахборот замонида Мусулмонлар диний идораси ҳам ўзининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, фаолият йўналишларини кенгайтириб, ҳозирги ислоҳотларнинг янги босқичида диний-маърифий йўналишдаги ишларни жадаллаштириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, Ислом дини таълимотини кенг тарғиб қилишга катта эътибор қаратилаётганини баён этди. 

Тадбир якунида ёшлар билан ишлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолаш таклифи қўллаб-қувватланди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn