Давлат электрон хизматлари қандай ривожланаяпти?
  • 27 Октябрь 2017

Давлат электрон хизматлари қандай ривожланаяпти?

Пойтахтимизда “Давлат электрон хизматларини оммалаштиришда медиа ёндашувлар” мавзуида семинар-тренинглар ўтказилди.

Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази томонидан “InfoCapital Group” консалтинг компанияси билан ҳамкорликда Осиё тараққиёт банки кўмагидаги “Самарали давлат бошқаруви учун электрон ҳукумат” лойиҳаси доирасида  ташкил этилади.

Кейинги йилларда ахборот коммуникация технологияларининг жадал ривожи электрон тизимларга бўлган эҳтиёжни ҳам тобора оширмоқда. Шундан келиб аксарият мамлакатлар онлайн режимидаги давлат хизматларини ривожлантириш ва уларни тарғиб қилиш бўйича ўз ёндашувларини ривожлантирмоқда. Интернетнинг янги имкониятлари, сунъий интеллект ва “ақилли” ечимлар — ушбу соҳа тараққиётини таъминлаяпти.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналиши — “Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш”ни амалга ошириш доирасида “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини ҳаётга татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда,  

Электрон ҳукумат — давлат бошқарув органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорлигининг бугунги ахборий жамият талабларидан келиб чиққан янги кўриниши ҳисобланади. 2016 йил 30 июль куни эълон қилинган БМТ ҳисоботида қайд этилганидек, электрон ҳукумат тараққиёти индекси бўйича Ўзбекистон жаҳондаги 20 ўринга кўтарилди.

Жорий йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ягона порталнинг янгиланган шакли — my2.gov.uz ишга тушурилди. Мазкур портал айни пайтда тест режимида фаолият кўрсатмоқда. Ягона порталда 300 дан зиёд давлат хизматлари бир жойга тўпланган бўлиб, бу ерда, шунингдек, фуқаролар ўзларининг фикр-мулоҳазалари, аризалари ва мурожаатларини қолдиришлари мумкин. Зеро, бу Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили давлат дастурига ҳамоҳангдир.   

Семинар-тренингда давлат хизматлариниинг онлайн режимга ўтиши борасида аҳолини ҳар томонлама хабардор қилишнинг долзарблиги билан боғлиқ масалалар ўртага ташланди. Ахборотларни тарқатишда самарали усуллар, Ягона портал орқали кўрсатилаётган электрон давлат хизматларини самарали тарғиб қилишда янги методлардан фойдаланиш, замонавий медиа форматларни ишга солиш билан боғлиқ маълумотлар берилди.

Тадбир доирасида “электрон ҳукумат” тизимида ахборот хавфсизлиги муаммолари ва уларнинг ечимларига бағишланган республика семинари ҳам ташкил қилинди. 

Анжуман Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, UNICON.UZ маркази ҳамда Ўзбекистон радиотехника, электроника ва алоқа илмий-техника жамияти ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Жамият ахборотлашуви, маълумот ва хизматларнинг, фаолиятнинг онлайн тармоққа кўчаётгани ўз ўрнида тизимлар ва маълумот базаларининг хавфсизлигини таъминлаш, меъёрий-ҳуқуқий базани бугунги электрон муносабатларга мувофиқлаштиришни тақозо қилади. Семинарда бу йўналишда амалга ошириш зарур чора-тадбирлар, мавжуд муаммо ва камчиликлар мутахассислар билан ҳамкорликда муҳокама қилинди. 

Анжуманда ахборот хавфсизлиги соҳасида тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ахборот тизимлари ва ресурсларини ахборот хавфсизлиги ҳодисалари бўйича мониторинги, фаолиятни ҳимоя қилиш, ахборот тизимларини ҳимоялашнинг алгортимик моделлари, Марказий Осиёга таҳдид солаётган ахборот хуружлари, биометрик криптотизимларнинг муаммоларига бағишланган 15 та тақдимот тингланди.

Шунингдек, тадбирда давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг “ict.nis.uz” тизимидаги ахборот хавфсизлиги ҳолатининг 2017 йил III чорак натижалари эълон қилинди. 

Фазлиддин АБИЛОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn